Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қор қоплонини қандай сақлаб қолса бўлади? – Самарқандда тарихий хужжат қабул қилинди

Қор қоплонини қандай сақлаб қолса бўлади? – Самарқандда тарихий хужжат қабул қилинди

Қор қоплони дунё бўйлаб 4-6 мингтагина қолган бўлиб, Халқаро Қизил китобга киритилган. У тоғ-тошларда, денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликда яшайди. Қор қоплони кўчиб юрувчи тур ҳисобланиб, 12 та давлат ҳудудида кузатилган.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Қор қоплони ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича глобал дастур (GSLEP) бошқарув қўмитасининг вазирлар йиғилишида шу каби бир қатор қизиқарли маълумотлар берилди. Тадбирда қор қоплонлари яшайдиган мамлакатларнинг атроф-муҳит вазирлари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар ва халқаро молия институтлари (XMI) вакиллари иштирок этмоқда.

Xabar.uz мухбири томонидан маълум қилинишича, вазирлар йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, қор қоплони ва унинг экотизимларини асраб-авайлаш нафақат экологик нуқтаи назардан муҳим, балки катта мерос ва маданий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

– Ўзбекистонда табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор вазифаларидан биридир. Хусусан, экологик стратегик сиёсат бўйича қатор ҳужжатлар, қарорлар ва чора-тадбирлар режалари, жумладан, 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси, 2028 йилгача биохилма-хилликни сақлаш стратегияси ва бошқалар қабул қилинди, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Ўзбекистонда GEF ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда қор қоплонини сақлаш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширдик, бу бизга экологик таълимга йўналтирилган иккита ташриф марказини яратиш ва SMART патрул тизимини жорий қилиш имконини берди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан Ғарбий Тян-Шанда қор қоплонларини сақлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани ҳам фахрланарли натижадир.

Мутахассислар томонидан маълум қилинишича, қор қоплони камайиб кетишига бир қатор муаммолар сабаб бўлган:

Биринчиси – бракьонерлик. Бугунги кунда 12 та давлатнинг барчасида қор қоплонини ов қилиш кескин тақиқланган. Масалан Ўзбекистонда яқинда Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлашга қарши жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда қор қоплонини овлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари БҲМнинг 3 000 баравари миқдорида, яъни 1 миллиард сўм атрофида, хорижликлар эса 400 минг доллар жарима тўлайдилар.

Иккинчиси – урбанизация. Аҳоли кўпайиши фонида тоғ ҳудудлари ҳам ўзлаштирилиши, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа мақсадларда қўлланила бошланди. Натижада қор қоплонининг яшаш ареоли қисқариб кетди. Бугунги кунда ушбу ноёб ҳайвон яшайдиган жойларни қўриқланадиган ҳудудга айлантириш орқали сақлаб қолишга эътибор қаратилмоқда.

Учинчиси – уй ҳайвонлари. Иқлим ўзгариши ва чўллашув туфайли чорва моллари тобора юқорига кўтарилиб бориши оқибатида қор қоплони ва уй ҳайвонлари ўртасида контакт юзага келди. Натижада чорвадорлар томонидан қор қоплонини овлаш ҳолатлари учраб турибди. Бу масалада маҳаллий аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда глобал исиш ва музликларнинг эриши оқибатида қор қоплонларининг яшаш муҳити ва унинг ўлжа манбаларига тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказаётган иқлим ўзгариши шароитида ушбу қимматли турни сақлаб қолиш учун трансчегаравий ва давлатлараро ҳамкорлик муҳим эканлиги қайд этилди.

Мулоқотни ўз вақтида ўтказиш, қор қоплонларининг яшаш муҳитини асраб-авайлаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш муҳимлигини инобатга олиб, йиғилиш якунлари бўйича асосий мажбуриятлар белгилаб берилган тарихий Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг