Қишлоқларда ҳам банкомат ўрнатиладими?
Бир неча йил илгари кўпчилик пластик карточка эгалари ойлик маошини нақд пулга айлантиролмай ҳалак бўлгани ҳаммамизнинг ёдимизда. Банклардан нақд пул олишнинг умуман имкони бўлмаган. Арзимаган суммани банк орқали нақдлаштириш учун аввал паспорт билан бориб ариза ёзиш, мурожаат кўриб чиқилишини бир неча ҳафта кутиш, шундан сўнг «лимит» тугаб қолди ёки нақд пул йўқ, деган баҳона кўрсатилган жавобни олиш мумкин эди, холос.
Нақд пул танқислигидан дўкону-бозорларда электрон пулга сотиладиган маҳсулот билан қоғоз пулга сотиладиганининг нархида 20 фоизлик фарқ бўлган. Баъзи дўкондорлар пешона тери билан топган пулларингизни 12 дан 20 фоизигача ўзига олиб қолиш шарти билан нақдлаштириб беришарди. Айрим фуқароларимиз 20 фоиз маошини юлғичларга бермаслик учун темир йўл, авиа ва коммунал тўлов кассаларига нақд пул тўлаш ниятида келадиганларни пойлашар, шундай инсонни топгач эса нақд пулини бериб, тўловни ўзининг пластик карточкасидан амалга оширишни илтимос қилишарди. Кейинроқ банклар нақдлаштиришнинг бу усулини бартараф қилиш мақсадида пластик карточкадан тўлов қилаётган фуқаро кассага ҳам паспорти билан келиши шартлиги тўғрисидаги ғалати ва асаббузар қоидани ўйлаб топишди. Чекка туманларда терминал орқали савдо қиладиган дўконларнинг йўқлиги эса муаммони янада ўткир тус олишига сабаб бўларди. Шукурки кейинги пайтларда бу муаммо деярли бартараф қилинди. Ҳозирда катта шаҳарлар, туман марказларида ўнлаб банкоматлар аҳолига хизмат кўрсатяпти. Ўтган давр мобайнида соҳада олиб борилган ислоҳотлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати раҳбари Асқар Хайдаровга мурожаат қилдик.
17 миллион дона пластик карточка бор
– Соҳадаги ислоҳотлар 2016 йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўпланиб қолган муаммоларни қатъий танқид остига олгани, қисқа муддатда амалга оширилиши шарт бўлган вазифаларни белгилаб берганидан сўнг бошланди, – дейди А. Хайдаров. – Натижада қисқа муддатда терминал, инфокиоск, банкоматлар сони кескин кўпайтирилди. 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра республикамизда 17 миллион 686 минг дона банк пластик карталари амал қилмоқда. Карталар сони 2018 йилдагига нисбатан камайган. Бу «ДУЭТ» пластик карталари лойиҳасининг тугатилганлиги билан боғлиқ ҳолат. Тўлов терминаллари эса кескин кўпайиб, 244 913 тани ташкил қилди. Айниқса, банкомат ва инфокиосклар сони геометрик прогрессия тарзда ўсди. Жумладан, уларнинг сони 2019 йил бошига 6 859 тани ташкил этган. Банкоматлар кўпайишда давом этмоқда. Катта шаҳарлардаги йирик савдо марказлари, меҳмонхоналар, бозорларда ўнлаб янги банкоматлар ўрнатилмоқда. Бу жараёнда олис туманлар аҳолиси ҳам четда қолаётгани йўқ. Асосийси банкомат ва инфокассалар, терминаллар хўжакўрсинга ўрнатилмаяпти. Уларнинг узлуксиз фаолият кўрсатиши устидан қатий назорат ўрнатилган. Банкоматлар доимо нақд пул билан тўла ҳолда сақланмоқда. Фуқаролар ҳоҳлаган пайтда пластик картадаги пулларини қийинчиликсиз нақдлаштириб олиш имконига эгалар. Натижада ҳар куни юзлаб миллион сўм маблағ нақдлаштирилиб, яна шунчаси электрон шаклга ўтмоқда. Аҳамиятлиси, нақд пул соҳасидаги ислоҳотлар кўпчилик хавотир олганидек жиловлаб бўлмас кескин инфляцияга ҳам олиб келмади. Бу албатта, соҳага оид қатор бошқа чора-тадбирларни амалга оширилган билан боғлиқ.
Банкомат «тушликка» чиқса навбатлар қачон тугайди
Шунга қарамай таҳририятимизнинг вилоятлардаги мухбирларининг хабарларига кўра, чекка туманларда ҳамон нақд пул олиш учун банкоматлар олдидаги навбатлар қисқаргани йўқ. Мисол учун, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида бор йўғи иккита банкомат ўрнатилган. 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган туман учун бу албатта кам.
– Нақд пул олиш учун навбатлар, айниқса, ой бошида ўқитувчи, тиббиёт ходимлари, давлат хизматчилари маош оладиган пайтда кўпайиб кетади, – дейди туманнинг «Озод» маҳалласидаги 7-умумтаълим мактаби Ёшлар иттифоқи етакчиси Илҳом Исмоилов. – Маҳалламиздан туман марказига бориш учун сал кам бир соат вақт сарфлаш керак. Табиийки биз пул олувчилар навбатининг бошига туша олмаймиз. Навбатлар ёзиладиган кўп варақли умумий дафтарлар оадамларнинг исм-шарифи билан тўлади. Агар тонг саҳардан марказга бориб навбатга ёзилмасангиз пулингизни икки кундан кейин нақлаштиришингиз ҳам мумкин. Яна бир қизиқ ҳолат бор. Банкомат «тушликка» чиққани тўғрисида эшитганмисиз? Шўрчилик банкоматлар шундай қилишади. Банк ходимлари билан бирга «тушликка» чиқишади. Пластик карточкасини кўтариб, олис қишлоқлардан келган инсонлар эса уларнинг қорни тўйишини кутиб ўтиришга мажбур. Шу сабабли қишлоқликлар ҳар бир мактаб, врачлик пункти, маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларида ҳам банкоматлар ўрнатилиши, йирик шаҳарлар аҳолиси фойдаланаётган имкониятлар улар учун ҳам яратилишини интиқлик билан кутишмоқда.
Электрон пуллар, қоғоз пуллардан афзалроқми?
Соҳада ҳали хал этилиши керак бўлган муаммолар мавжудлигига қарамай олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган имкониятлар натижасида мамлакатимиз аҳолиси электрон пулларнинг қоғоз пуллардан афзаллигини тушуниб бормоқда. Жумладан, тўловларни амалга оширишда «онлайн» тизимларининг кун сайин кўпайаётгани, картадан картага пул ўтказиш ва бошқа янгиликлар фойдаланувчилари томонидан илиқлик билан қарши олинди. Бу юртимизда пул айланиш тизимини тезлаштириш, иқтисодимизнинг ривожланишга ҳам катта ҳисса қўшяпти. Нақд пулларини ўз ихтиёри билан пластик картага ўтказаётган фуқаролар сони ҳам кўпайиб бормоқда.
– Ойлик маошимни банкомат орқали нақлаштириб олгандим, — дейди Тошкент шаҳридан Шоҳруҳ Соатов. — Аммо кўп ўтмай Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлган ҳамкасбим қарз сўраб қолди. Унинг пластик карточкасига пул ўтказиш учун банкка бориб, нақлаштирган маблағларимни яна қайта пластик картамга туширишимга тўғри келди. – Бундан ташқари электрон пуллар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, уй-жой коммунал, мобиль алоқа, рақамли телевидение, нотариал ва бошқа хизматлар бўйича тўловларни дам олиш кунларисиз кечаю-кундуз реал вақт режимида амалга ошириш имкони мавжудлиги билан пластик картадаги маблағ қоғоз пулдан афзал, деб биламан.
Дарҳақиқат, статистик маълумотларга кўра, бугун масофавий банк хизматларидан фойдаланадиган аҳолимиз сони етти миллион нафардан ошиб кетган. Фуқароларимиз, аввалгидек, мажбурликдан эмас, балки, афзаллиги, қулайлиги учун электрон пулларни танлаб, маблағларини пластик карточкаларда сақлашни исташмоқда. Агар шу каби имкониятлар, электрон пулларни хоҳлаган пайти қийинчиликларсиз нақлаштириш учун шароит олис қишлоқлар, туманлар аҳолиси учун ҳам яратилса, иқтисодимиз учун фақат фойда келтирарди.
Улуғбек ИБОДИНОВ, журналист
Манба: azon.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter