Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарё ССБ: коронавирусга чалинган бемор 3 апрелда эмас, 25 мартда вафот этган

Қашқадарё ССБ: коронавирусга чалинган бемор 3 апрелда эмас, 25 мартда вафот этган

Фото: «Glazovlife.ru»

Қашқадарёда коронавирус инфекцияси юқтириб олиб, вафот этган бемор ҳақидаги маълумотлар ССВ ҳисоботларида акс этган.

Ижтимоий тармоқларда Ғузор туманида 14 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқлангани ва улардан бири вафот этганлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатга изоҳ бермагани ҳақидаги хабарлар эълон қилинди. 

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати мазкур хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди

Ғузор туманилик 68 ёшли эркак бемор Н.Р. бир қатор касалликлари сабабли диспансер назоратида турган. Жорий йил 23 февралдан ўн кун давомида пойтахтдаги 2-марказий клиниканинг кардиология бўлимида даволанган.

Беморда қандли диабет II тип, юрак-ишемик касаллиги ва ўн икки бармоқ ичак яраси, сурункали холецистит, сурункали простатит сингари қатор касалликлар қайд этилган.

Жорий йилнинг 19 март куни унда коронавирус инфекциясига қайд этилиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига келтирилган. Ўтказилган махсус текширувлар натижасидан унда коронавирус тасдиқланган. 25 март куни соат 23:55 да COVID-19 оғир даражасининг асоратли кечиши ва ёндош касалликлари сабабли вафот этган. (Ижтимоий тармоқларда қайд этилганидек, 3 апрелда эмас).

Мазкур ўлим ҳолати Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 26 март ҳолатидаги маълумотида акс этиб, маълумот ССВ телеграм каналида 27 март куни эълон қилинган.

Бундан ташқари, шу йилнинг 20 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига COVID-19 инфекцияси аниқланганлиги сабабли келтирилган Қарши шаҳрилик 65 ёшли бемор аёл А.Г. 29 март куни соат 08:15 да коронавирус оғир даражасининг асоратли кечиши, қандли диабет ва бошқа ёндош касалликлари сабабли вафот этган. 

Мазкур ўлим ҳолати ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 март ҳолатидаги маълумотида акс этган ва 30 март куни вазирлик телеграм каналида эълон қилинган.

Маълумот ўрнида келтириш зарурки, ССВ ҳисоботларида март ойининг учинчи ўн кунлигида Қашқадарёдан жами 20 нафар коронавирус инфекцияси юқтирган бемор қайд этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг