Қаршидаги камар можаросига муносабат билдирилди
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда «Қарши шаҳрида камар масаласи бўйича одамлар йиғилмоқда экан» сарлавҳаси билан тарқалган видеога муносабат билдирди.
Мавзу доирасида: Қашқадарё ҳайдовчилари қонунга қарши чиқишмоқда
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 9-бандига янги норма киритилган бўлиб, унда «Конструкциясида хавфсизлик камарлари назарда тутилган транспорт воситасини бошқараётган ҳайдовчи ва унинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳаракатни бошлашдан олдин хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт»лиги белгиланган.
Барча оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида бир-неча бор чиқишлар қилинди. Шунингдек, корхона, ташкилот, маҳалла ва транспорт уюшмаларида ҳамда автомобиль йўлларида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан ҳаракат иштирокчиларига тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Янги таҳрирдаги йўл ҳаракати қоидаларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий мақсади автомобиль йўлларида содир бўлаётган оғир турдаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, фуқаролармизнинг соғлиғи ҳамда ҳаётини асрашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг оғирлик даражасини камайтиришга қаратилган.
Жорий йилнинг 26 май куни соат тахминан 14:00лар чамасида Қарши шаҳар, Ислом Каримов кўчасида жойлашаган Транспорт коллежи рўпарасида, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи такси ҳайдовчилари томонидан норозилик билдирилиб, хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат билан чиқишган.
Маълумот ўрнида, 2022 йил 14 май куни Ислом Каримов кўчасида «Lochin ko’z-Q» дастури асосида камералар ўрнатилиб ушбу камералар орқали хавфсизлик камари қоидабузарликларини аниқлаш ишга туширилганлиги тўғрисида Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий саҳифаси ҳамда бошқа ижтимоий тармоқлар орқали маълумот берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча йўл ҳаракати иштирокчиларидан амалдаги Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter