Қадр-қимматини йўқотаётган миллат меъмори
2014 йилда Буюк Британиянинг «The Telegraph» нашри «Global Teacher Status Index» (Жаҳон ўқитувчи мақомини аниқлайдиган индекс)га асосланиб, ўқитувчилик касбининг обрўсизланиши жаҳон миқёсида кузатилаётганини маълум қилган.
2017 йилнинг октябрида Ўзбекистонннинг «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотнинг аччиқ натижасини ошкор қилди: сўнгги йилларда ўқитувчиларнинг обрўси тушиб кетмоқда, энди ўқувчилар уларга ҳавас қилмай қўйишган.
Социологик ўрганишларга кўра, устозга юксак ҳурмат ҳисси Осиёнинг айрим мамлакатларида, жумладан, Хитой, Жанубий Корея, Сингапурда сақлаб қолинган экан. Сўнгги йилларда нега айнан ана шу мамлакатлар иқтисоди мисли кўрилмаган даражада тараққий этмоқда, деган саволнинг жавоби ана шу ўрганишлар билан боғлиқ эмасмикан?
Ғарб эса устозга ҳурмат туйғусини унутиб бормоқда. Мисол учун, европалик ота-оналарнинг бор-йўғи 25 фоизи ўқувчилар ўқитувчиларини ҳурмат қиладилар, деган фикрда. Хитойда эса 75 фоиз ота-оналар фарзандлари устозларига нисбатан юқори ҳурматда эканликларига ишончлари комил.
Натижада, фарзандининг ўқитувчи бўлишини хоҳлайдиган ота-оналар сони ҳам камайиб бормоқда. Мисол учун, инглизларнинг бор-йўғи 20 фоизи, немисларнинг 25 фоизи фарзандининг келажакда ўқитувчи бўлиш ҳақидаги орзусини қўллаб-қувватлайди.
Ўқитувчиларга яхши ойлик тўланадиган Ғарб нега бундай хулосага келмоқда, деган савол туғилади. Маълум бўлишича, бу ерда ўқитувчи кутубхоначи ёки бошқа ижтимоий соҳа хизматчилари тоифасига кириб қолган. Хитойда эса ўқитувчининг нуфузи шифокорларники билан бир хил, яъни юқори. Шифокор ҳаётимизга, ўқитувчи эса бутун бошли тақдиримизга масъул шахс. Шифокор ва ўқитувчига нисбатан муносабатни эса таққослаб бўлмайди.
Тан олайлик, фарзандимизнинг ўқитувчи бўлиш орзуси бизга ҳам эриш туюладиган бўлиб қолди. Сабаби — даромад эмас, ўқитувчилик азоби! Ким ҳам дилдбандини ўз қўллари билан адабсиз ва тажовузкор болалар тўлиб-тошаётган, ҳамма эгалик қиладиган, таълим беришдан кўра ҳужжат ва расмиятчилик ҳукмрон бўлган муҳитга ташлагиси келади? Яъни мактаблар, бизнинг наздимизда, инсон қадрини йўқотган манзилга айланиб қолди.
Энг кучсиз кадрлар — ўқитувчи!
Бизда мактаб ёки коллежни тамомлаётган энг кучсиз кадрлар азбаройи бошқа танловлари йўқлиги боис, педагогика университетларига имтиҳон топширадилар. Педагогикага ихтисослашмаган университетларни тамомлаб, иш топа олмаганлар ҳам кадрлар танқислиги боис, ҳеч бир қийинчиликсиз педагогга айланишмоқда. Энг кучли кадрлар прокурор, банкир бўлишга ҳаракат қиладилар. Қарабсизки, жамият энг моҳир ўқитувчилардан маҳрум. Педагог бўлиб чиқаётган кучсиз кадрлар эса таълим тизимини ривожлантириш, ўқитувчи нуфузини оширишда — бош тўсиққа, билимсиз ўқитувчи — устоз номига доғ тушираётган айбдорга айланади!
Калтак еётган — ўқитувчи!
2013 йилда ўзимдан уч ёш кичик, келиб чиқиши бухоролик бўлган, пойтахтнинг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берувчи таниш йигит ишхонамга йўқлаб келди.
«Қишлоққа қайтяпман. Бу ерда ишлаш бизга эмас экан, ака», деди тушкун ҳолатда, бир ёғи кўкимтир тус олган ёноғини бекитишга уриниб.
Маълум бўлишича, ўқувчиларидан бири мазах ва масхаралашни ҳаддан ташқари ўтказиб юборгани учун танишим унинг юзига шапалоқ тортиб юборган, сўнг боланинг отаси келиб ўқитувчини ҳамманинг олдида «юмалоқ ёстиқ» қилган экан.
Далада «яшаётган» — ўқитувчи!
Яқин дўстим Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги мактаблардан бирида директор. Баҳорда йўқласам, пахта ягоналаётган бўлади. Ёзда қўнғироқ қилсам, далада ғалла ўраётган бўлади. Кузда эса пахта тераётган бўлади.
Булардан ташқари, «тепа»нинг таълимга дахли бўлмаган топшириқлари ҳам бор. Шу боис, дўстим тез-тез пойтахтдан иш излаб кўришга мажбур бўлади.
Муҳожирга айланаётган — ўқитувчи!
Бир неча йиллар аввал темир йўл вокзалида, нимқоронғу купеда поезднинг қўзғалишини кутаётган эдим. Бир маҳал вагонга 2-3 та оғир сумкани орқалаб, ҳансираганча бир киши кириб келди. Не кўз билан кўрайки, бу менга таълим берган тарих ўқитувчим эди.
«Пойтахтда қолиб тўғри қилибсан, Шуҳрат. Мана, мен шунча йил ишлаб, охир-оқибат ана шу аҳволга тушиб қолдим. Ўғил уйлаб, қиз чиқаришим керак эди. Орзу-ҳавас ва йўқчилик илм туфайли уйғонган ғурурдан ҳам устун экан». Мен устозим олдида оёқ узатиб, ётишга истиҳола қилганим туфайли улар билан тонгга қадар суҳбат қуриб кетганман.
Пора олаётган — ўқитувчи!
2015 йилда холам ўғли мактабни битириши муносабати билан ўқитувчиларига тилла тақинчоқ, совуткич харид қилиш учун пул йиғилаётганини айтиб, зорланиб қолди.
Ҳайратга тушдим. «Аслида ўлим эмас, тирик бўла туриб ичингдаги гўзал туйғуларнинг йўқ бўлиши — ҳалокатдир», деган гап хаёлимдан ўтди. Наҳотки устоз аталмиш зотлар шу даражада тубан инсонларга айландилар?
Балога қолаёган — ўқитувчи!
Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида инглиз тилидан дарс берадиган танишим дарс чоғида фойдалангани учун ўқувчисининг қўлидан планшетини олиб қўйган экан, ўқувчи деразага чиқиб, планшет қайтарилмаса, ўзини ерга ташлашини айтиб, дағдаға қилади. Натижада, ўқитувчи педагогликка номуносиб деб топилиб, ўқувчилар гувоҳлигида шармандаларча ишдан бўшатилди.
Миллат меъмори — ўқитувчи!
«Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, агар устоз рози — Тангри розидур», деб ёзган Алишер Навоий ҳазратлари. Биз бу ҳикматни унутиб қўйдик. «Сабоқ бермоқлик инсон тақдирига дахлдор олийжаноб касб. Мени кун келиб президент эмас, ўқитувчи деб ёдга олсалар, ана шунинг ўзи мен учун улкан шарафдир», деган эди Ҳиндистон президентларидан бири Доктор Абдул Қалам. Айрим устозлар шарафни ўз нафслари йўлида қурбон қилдилар.
Айтишларича, бола қалбидаги орзулар ўқитувчининг ишончи ва эътирофидан сўнг уйғона бошлар экан. Эҳтимол, сиз ҳам биринчи устозингизга кўп маротаба беихтиёр «она» деб юборган бўлишингиз мумкин. Бизнинг мурғак қалбимиз устозларни ота-онадек қабул қилган экан.
Жажжи юраклар ва тоза идрокдан инсон қиёфасини ясаш ўқитувчидан улкан қалбни, меҳр-муҳаббатни талаб қилади. Модомики сабоқ бериш — бошқа касбларнинг пойдевори экан, шубҳа йўқки, ўқитувчи — миллат меъмори экан. У жамият ривожини ҳал қилувчи омил бўлиб қолаверади. Модомики шундай бўлса, фаровон ва хотиржам яшашни истаган давлат ҳам, жамоатчилик ҳам бу касб эгаларини қадрлашга мажбур.
Дарвоқе, матбуотда ўқитувчиларнинг қадр-қимматини оширишга йўналтирилган қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани тўғрисида хабарлар юрибди. Бу ҳужжат устозни қадрлашда ўзбекона қадриятларни ёдимизга солишига ишонамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter