Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прокурор ҳисобот берди. Бироқ ҳозир гап бунда эмас...

Прокурор ҳисобот берди. Бироқ ҳозир гап бунда эмас...

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси

Кеча Тошкент шаҳар прокуратурасининг «телеграм»даги расмий каналига бир хабар жойлаштирилди.

Халқ депутатлари Яшнобод туман кенгашининг навбатдаги сессиясида туман прокурори Олимжон Азимовнинг ҳисоботига оид мазкур хабарда фавқулодда янги гап йўқ. Тадбир видеоконференц-онлайн алоқа шаклида ўтгани тушунарли. Сабаби – карантин. Сессия қарорига туман прокуратурасининг бугунги мураккаб вазиятда оғир аҳволга тушиб қолган оилалар, шунингдек вақтинчалик даромад манбаини йўқотган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги таклифи алоҳида қайд этилгани – аъло! Зеро, айни масалада бутун бошли тизим томонидан катта ишлар амалга ошириляпти.

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси

Эътибор тортадигани – хабарга илова қилинган суратларнинг биридаги ҳолат. Унда тўққиз нафар киши ёнма-ён ўтирибди. Олган нафаси бир-бирига сезиладиган даражада. Яна денг – уларнинг икки нафари ниқобсиз! Нима демоқчи бўлинаётганини тушундингиз-а...

Пашшадан фил ясаяпмизми? Йўғ-а. Бугун «Оралиқ масофани сақла!», «Ниқобсиз юрма!» деган гаплардан қулоқлар битаёзганига қарамай, ҳеч ким ортиқча эътироз билдираётгани йўқ. Бундан бошқача бўлиш мумкин эмас. Акс ҳолда, шаққиллатириб жарима ёзилаётир. Жамиятда қонунийликни таъминлашга масъул прокурорнинг ҳисоботи тингланаётган тадбирда айни қоидаларга зид ҳолат рўй берганига нима дейсиз? Бу ҳолат суратга нақш этилгани-ю ва у шаҳар прокуратурасининг тармоқдаги каналида эълон қилинганига-чи?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг