Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент билан очиқ мулоқотга 1500дан ортиқ мурожаат келиб тушди — ССВ

Президент билан очиқ мулоқотга 1500дан ортиқ мурожаат келиб тушди — ССВ

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти учун ташкил этилган «Сall-марказ»га 1500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз тиббиёт ходимлари билан «Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун» мавзусида очиқ мулоқот ўтказиши режалаштирилгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

Мазкур очиқ мулоқот доирасида Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус «Сall-марказ» фаолияти йўлга қўйилди.

ССВ хабарига кўра, «Сall-марказ»га шу кунга қадар тиббиёт ходимлари ва аҳоли вакилларидан жами 1512 та мурожаат келиб тушди.

Тиббиёт ходимлари мурожаатларининг 783 таси (80 фоизи) ўз ечимини топган бўлса, 190 таси (20 фоизи) ижро жараёнида.

Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганида, энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри (158 та), Қашқадарё (100 та) ва Фарғона (89 та), Андижон (82 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш ва билдирилган таклифларга комплекс ёндашиш мақсадида мурожаатлар:

  • бирламчи тиббий ёрдам,
  • шошилинч ва тез тиббий ёрдам,
  • ихтисослаштирилган марказлар фаолияти,
  • илм-фан,
  • олий тиббий таълим,
  • тиббий-ижтимоий ҳимоя,
  • фармацевтика,
  • оналик ва болаликни муҳофаза қилиш,
  • санитария-эпидемиология хизмати,
  • хусусий тиббиёт,
  • малака ошириш,
  • соғлом турмуш тарзи,
  • юридик хизмат,
  • ўрта махсус тиббий таълим,
  • давлат-хусусий шерикчилик каби қатор йўналишларга ажратилган.

Мисол учун, шу пайтгача йўлланган мурожаатларнинг 297 таси соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига, 109 таси тез тиббий ёрдам хизматига, 95 таси ихтисослашган марказлар фаолиятига, 74 таси илм-фан йўналишига дахлдор.

Юқоридагилардан:

  • бирламчи тиббий ёрдам хизмати бўйича 204 та;
  • тез тиббий ёрдам хизмати бўйича 80 та;
  • ихтисослашган марказлар фаолияти бўйича 69 та;
  • илм-фан йўналиши бўйича 72 та мурожаат ўз вақтида ҳал қилингани аҳамиятлидир.

«Ҳурматли тиббиёт ходимлари!

Агар тиббиёт соҳасига оид ғоя ва таклифларингиз бўлса, «Сall-марказ»нинг махсус 1295 рақамига мурожаат қилинг.

Эслатиб ўтамиз, мурожаатларнинг аксарияти «Сall-марказ»га бириктирилган мутахассислар  томонидан ҳал қилинса, бир қисми тиббиёт ходимлари билан бўладиган очиқ мулоқотда  Ўзбекистон Республикаси Президентига тўғридан-тўғри етказилади», дейилади ССВ хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг