Президент шифокорлардан касалликни эрта аниқлашни сўради

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоят фаоллар йиғилишида сўзлаган нутқи давомида соғлиқни сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратди. Давлат раҳбари бирламчи тиббиёт бўғинининг аҳоли саломатлигидаги ўрни муҳим эканини таъкидлади.
— Соғлиқни сақлаш тизимида бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларини аҳолига яқин қилиш бўйича бошланган ислоҳотларни давом эттирамиз.
Жумладан, аҳоли орасида кенг тарқалган гипертония ва қандли диабет бўйича вилоятда скрининг текширувлари ўтказилади.
Вилоят тиббиёт тармоғи лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, Шўрчи тумани тиббиёт бирлашмаси янги бино-иншоотларини қуриш, Термиз шаҳар юқумли касалликлар шифохонасини таъмирлаш учун махсус Жамғармадан 50 миллиард сўм ажратилади.
Бирламчи тиббиёт бўғинида касалликни аниқлашни кўпайтириш керак. Касални кутиб ўтирмасдан, уйма-уй юришни ўрганиш керак. Ҳар бир беморга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Саратон касаллиги учинчи, тўртинчи босқичда аниқланяпти. Бу вақтга келиб анча кеч бўлади, даволаш жуда қийин.
Сурхондарёлик қиз онасининг дардини ўз вақтида айтиб чиқди ва унинг ҳаётини сақлаб қолди. Онанинг жигарини операция қилдик ва даволадик. Мен кеча ўша қизни бориб кўрмоқчи бўлгандим, вақт етмай қолди. Жуда билимли қиз экан, агар у бўлмаганда аёлнинг жонини сақлаб қола олмаган бўлардик. Касални эрта аниқлашнинг фойдаси катта. Соҳа ходимлари шунга эътибор беришлари керак.
Нафақат Сурхондарёда, балки республика бўйича аёллар ўртасида онкологик касалликлар кўпайиб кетган. Бу муаммога алоҳида эътибор қаратиш шарт.
Халқимиз соғлом бўлиши керак. Агар одамларимиз соғ бўлса, ҳамма ишни амалга ошира оламиз, — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўз навбатида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов тизимдаги масъулиятсизлик ҳақида гапириб ўтди.
— Баъзи шифокорларга масъулият етишмайди. Масалан, сиз президент сифатида хонадонларга кириб чиқяпсиз, беморлар ҳолидан хабар оляпсиз. Яна вазир ва вазир ўринбосарлари ҳам ҳар бир касал бўйича айланмоқда. Лекин оддийгина туман миқёсидаги соғлиқни сақлаш соҳаси амалдори касални бориб кўрмайди, — деди Иноятов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter