Президент сайловларида қанча халқаро кузатувчи қатнашиши очиқланди
Жорий йилнинг 15 сентябрида ЕХҲТ ДИИҲБ нинг сайловларни кузатиш бўйича Миссиясининг матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Тадбир давомида 2021 йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловларини кузатиш бўйича Миссиянинг фаолияти бошлангани хақида маълум қилинди.
Таъкидланишича, сайловларни кузатиш учун Ўзбекистон МСК нинг таклифи билан ЕҲХТ ДИИҲБ Миссиясининг жаноб Оуэн Мёрфи (Ирландия) бошчилигидаги 12 кишидан иборат Асосий жамоаси ташриф буюрди. Делегация аъзолари Германия, Австрия, Беларусь, Польша, Молдова, Словакия, Украина, Руминия, Грузия ва Шимолий Македониядан.
Ҳаммаси бўлиб ЕҲХТ ДИИҲБдан 300 га яқин кузатувчи қатнашади, шу жумладан, улардан Чехия, Франция, Италия, Германия, Норвегия, Швеция, Польша, Швейцария, Россия, АҚШ, Дания, Финляндия, Грузия, Венгря, Қирғизистон, Литва ва Буюк Британия каби 18 мамлакатдан 28 та узоқ муддатли кузатувчи ҳам иштирок этади. Улар сайлов куни Ўзбекистоннинг ҳудудларида сайлов жараёнларини, 250 та қисқа муддатли кузатувчилар овоз бериш процедураларини кузатадилар.
Тадбир давомида бу 2016-2021 йиллар ичидаги 3 тўлақонли миссия эканлиги таъкидланди.
Умуман олганда, ЕҲХТ ДИИХБ сайловларни кузатиш миссияси Ўзбекистонда ўз фаолиятини 1999, 2004, 2009, 2014, 2019 йиллардаги бешта ва 2007, 2015 ва 2016 йиллардаги 3 та Президент сайловларида амалга оширган.
Аввалроқ, жорий йилнинг 24 май кунидан 28 майгача Ўзбекистонда ЕҲХТ ДИИХБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) ташриф буюрганди. У мамлакатимиз парламенти, Олий суд, вазирлик ва идоралари, сиёсий партиялари, шунингдек, жамоат ташкилотларида учрашувлар ўтказди.
ЕҲХТ ДИИХБ ЭБМ ташрифи якунлари бўйича жорий йил 19 июль куни Бюро томонидан ҳисобот эълон қилиниб, унда жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган президент сайловларини кузатиш бўйича тўлақонли Миссияни бошлаш тавсия этилди.
ЭБМ ҳисоботида сайловолди шароитлари ва сайловга тайёргарлик жараёнлари, уларни эркин ўтказилишини таъминлаш бўйича мамлакатда қабул қилинган чора-тадбирларга ижобий баҳо берилган.
Қайд этилишича, бўлиб ўтадиган сайловларни ташкил этишда ЕҲХТ ДИИХБ экспертларининг аввалги Президент сайловлари якунлари бўйича ҳисоботларда баён этилган фикр-мулоҳазалари ва тавсиялари эътиборга олинган.
Хусусан, жорий йилги сайловларда аёл киши номзод сифатида иштирок этаётгани ижобий баҳоланмоқда. 2016 йилги президентлик сайловларида ижро органларда аёллар сони кам эди.
Шунингдек, сайловларни ўтказиш жараёнидаги ўзгаришлар ҳам қайд этилди. Хусусан, катта хавф туғдирмайдиган ва оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайловда иштирок этишига доир чекловлар бекор қилинди. Сиёсий партиялардан кузатувчиларнинг сайловлар ошкоралиги ва демократлигини таъминлашдаги роли кучайтирилди. Улар овозларни санаб чиқиш натижалари бўйича сайлов комиссиясининг баённомаси тайёрлангандан сўнг дарҳол сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхасини олишлари мумкин. Участка сайлов комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхасини ҳамма танишиб чиқиши учун дарҳол Сайлов участкасига камида қирқ саккиз соат муддатга осиб қўйиш тартиби ўрнатилди;
Сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси ҳисобланган Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари консуллик рўйхатидан ўтганидан қатъи назар, чет давлатларда яшаётган Ўзбекистон фуқароларини сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби ҳамда ҳориждаги сайловчиларнинг яшаш жойи ва иш жойидаги кўчма овоз бериш қутиларида овоз бериш учун ҳуқуқий асослар қонуний жиҳатдан мутаҳкамланди;
Сиёсий партияларга тарғибот ишларини олиб бориши, умумпартиявий сайлов тадбирлари, жумладан, оммавий сайлов кампаниясини ўтказиши учун қулай ҳуқуқий шароитлар яратилди;
Тайёргарликнинг барча босқичларида ва сайловларни ўтказишда сайлов қонунчилиги субъектларининг қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилиш тартиби назарда тутилган. Шунингдек, сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайловларни ўтказиш ва якунларни сарҳисоб қилишга оид масалалар бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ҳам тартибга солинди.
Сайловлар давомида сиёсий партиялар томонидан ташкил этиладиган оммавий йиғилишлар, митинглар ва намойишлар учун хабардор қилиш тартиби жорий этилди.
2021 йилда Марказий Сайлов қўмитасида давлат бюджетидан «жорий ҳаражатлар» учун 2020 йилдагига қараганда 74 баробар кўп маблағ ажратилди – 4,1 млрд га қарши 304,2 млрд сўм.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига тақдим этилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги 2016 йилги президентлик сайловлари якуни бўйича 24 та тавсияномадан 19 таси қабул қилинди, жами 2016-2021 йиллар давомида Ўзбекистон сайлов қонунчилигига 29 та тавсия, 8 та қисман қабул қилинган тавсия имплементация қилинди.
Миссиянинг ўтган сайловлардаги кузатувлари давомида тайёрланган ҳисоботларида «сайловлар анча янгиланган ҳуқуқий база доирасида бўлиб ўтди», деб алоҳида қайд этилади.
Сайлов қонунчилигига ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг илгари тақдим этилган тавсияларига жавоб берадиган қатор янгиликлар киритилгани тилга олинган.
Ушбу ҳисоботларнинг ўзига хос жиҳати сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини такомиллаштириш соҳасида салмоқли ютуқларнинг эътироф этилиши, мамлакатимиз ҳукуматининг давлат ва жамият бошқаруви тизимини модернизация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларининг қайд этилишидир. Хусусан, чет элдаги фуқароларнинг овоз бериш масалалари ҳисобга олинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикассининг Сайлов кодекси тилга олинган.
Шунингдек, трансформация жараёнлари сўз эркинлиги, давлат органлари ошкоралиги ва ОАВ фаолиятига ижобий таъсир кўрсатгани қайд этилади.
Эслатиб ўтамиз, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси фаолияти унга аъзо бўлган 57 та давлатда демократияни таъминлашга қаратилган ЕХҲТ нинг инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича институти ҳисобланади.
Ўзбекистон 1992 йилдан буён ушбу ташкилотга аъзо. 1994 йилда ЕХҲТ ҳузурида Ўзбекистон Республикасининг Ваколатхонаси (Вена шаҳри) ўз фаолиятини бошлади. 1995 йилда мамлакатимиз таклифига биноан Тошкент шаҳрида ЕХҲТ нинг Марказий Осиё билан алоқалар бюроси очилди. 2006 йил июнь ойида Ўзбекистон ташаббуси билан ЕХҲТ доимий Кенгаши томонидан ўша вақтгача мавжуд бўлган ЕХҲТ нинг Тошкентдаги маркази ўрнига ЕХҲТ лойиҳа мувофиқлаштирувчисининг Ўзбекистондаги офисини тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 2006 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва ЕХҲТ томонидан ЕХҲТ нинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси лавозимини таъсис этиш тўғрисида Мемораандум имзоланди.
Бўлғуси сайловларда ЕХҲТ Парламент ассамблеяси, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ва чет давлатлардан кузатувчиларнинг ташриф буюриши режалаштирилмоқда.
Ўтган йиллар мобайнида сайловларда ҳорижий ва халқаро кузатувчилар сони ошгани кузатилади: 2016 йилги президентлик сайловларида 555 (2015 йилда 296) нафар чет эллик кузатувчилар қатнашган бўлса, 2019 йилги парламент сайловларида уларнинг сони 825 (2014 йилда 331) нафарга етди. Бу Ўзбекистондаги сайловлар халқаро ҳамжамият эътиборини жалб қилаётган янги сиёсий муҳит, туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар шароитида ўтаётганидан далолатдир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter