Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент фармони: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилади

Президент фармони: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари рағбатлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 12 000 000 (ўн икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.

Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Молия вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофотининг тантанали топширилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда Ватанимиз озодлиги ва шон-шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар ва маданий-маърифий кечаларни ўтказади.

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг