Пойтахт ҳокимлигининг ақл бовар қилмас харажатлари: бир одам тушлигига 1,53 миллион сўм!
Кечадан буён ташкилий масалаларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган давлат тадбири, унга сарф этилган ақл бовар қилмас ҳаражатлар яхшигина муҳокама бўлаётир. Сарф-у харажат, унинг миқдори масаласини насия қолдириб, тадбирнинг ўзига изоҳ берган пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати «мазкур нуфузли тадбир ўтказилиши бўйича ҳукумат томонидан тегишли қарорлар қабул қилингани» ва «..ташкилий масалаларда Тошкент шаҳар ҳокимлигига маълум топшириқлар ва вазифалар юклатилгани»га урғу берган холос.
Хуллас, воқеалар қуйидагича.
Жорий йилнинг 24 январь куни «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги «Congress Hall» мажмуасида бўлиб ўтган давлат тадбирини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар 1 миллиард 768 миллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда ҳукуматнинг шу йилнинг 1 май куни имзоланган тегишли фармойишида маълумот берилган.
Тадбирга ташриф буюрганларни овқатлантириш ишига «Akfa Dream World» МЧЖ масъул бўлган. Бу ҳақдаги маълумот буюртмачи Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва ижрочи «Akfa dream world» МЧЖ ўртасида тузилган шартномада акс этган. Шартномага мувофиқ, 24 январь куни 800 кишининг «Ballroom»да тушлик қилишига 447 миллион 174 минг сўм, «Шош»да 400 кишининг тушлиги учун 223 миллион 587 минг сўм, «Тошкент 2-3-4»даги 110 кишилик тушликка 61 миллион 486 минг 425 сўм сарфланиши назарда тутилган. Ҳар бир шахснинг битта тушлиги 558 минг 967 сўмдан ҳисобланган.
Бундан ташқари, шу куни 100 киши учун «Фойе»даги нонуштага 7,7 миллион харажат қилиниши маълум қилинган. 24 январ куни «Congress Hall» залида ҳам тушлик ташкил қилинган бўлиб, унга 250 нафар киши таклиф қилинган. Зал ижара ҳақи (374 миллион 556 минг сўм) ва тушлик (ҳар бир шахс учун 1,53 миллион сўм) учун 757 миллион 652 минг сўм тўланиши шартномада кўрсатилганди.
Бажарилган ишлар актига кўра, кўрсатилган хизматлар 1 миллиард 302 миллион 260 минг сўмни, қўшилган қиймат солиғи 195 миллион 339 минг сўмни ташкил этган.
Маълумот учун, «Akfa Dream World» МЧЖ 2017 йил 6 декабрь куни ташкил этилган компания бўлиб, иқтисодий фаолияти турларининг умумдавлат таснифлагичига (ИФУТ) кўра, моторли транспорт воситалари ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Компания таъсисчилари ва уларнинг устав фонддаги улуши ҳақидаги очиқ маълумотлар базасида бир нафар жисмоний шахс (Баҳодир Абдуллаев 43,5 фоиз улуш билан) ҳамда 3та компания («Wide Tent System» 26,8 фоиз, «Asia Electron» 15,1 фоиз ва «Perfect Plast Profil» 14,6 фоиз) кўрсатилган. Компанияга айни пайтда Жамшид Абидов раҳбарлик қилади.
2020 йил 2 июн ҳолатига кўра, компания таъсисчилари ва устав фондда улушга эга субъектлар қаторида 24,1 фоиз билан «Techno Continental» компанияси ҳам мавжуд эди. Ўз навбатида, мазкур компания устав фондидаги 62,5 фоиз улуш «Artel Electronics»га тегишли.
«Akfa» ва «Artel» компаниялари эса Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли эканини билмайдиган одам қолмади ҳисоб.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter