«Подшоҳлар пиёда борадиган жой»га нега бизда эътибор йўқ?
Аҳолининг соғлом турмуш тарзи учун шароит яратишга қаратилган Президент қарори лойиҳаси тайёрланиб, муҳокамага қўйилгани таҳсинга лойиқ. Бироқ лойиҳага арзимасдек туюладиган, аммо аслида жуда жиддий масала ҳам киритилиши керак...
«Тажриба»
Дунёни саросимага солиб қўйган номинг ўчгур вабога қарши курашишга танамизни тайёрлаш, чиниқтириш мақсадида биз ҳам бир неча ойдан бери ҳаракатдамиз. Жумладан, кейинги пайтда Тошкент шаҳридаги Анҳор ариғи бўйлаб пиёдалар юриши учун яратилган йўлакда «Нурафшон» кўчасидан Навоий кўчасигача (6000 қадамдан ориқроқ) пиёда юряпмиз. Бунинг учун эса бир соатга яқин вақт кетади. Уйдан келиб-кетишимиз ҳам бир соат (ТТЗ мавзесидан келамиз) вақт олади.
Яширишнинг ҳожати йўқ, дориларнинг таъсириданми, ҳожатга эҳтиёж туғилиб, уйга зўрға етиб оламиз. Чунки салкам 4 чақиримлик пиёдалар юриш йўлагида ҳам, уйгача йўлимизда ҳам бирорта жамоат ҳожатхонаси йўқ. Шундай «тажриба»дан келиб чиқадиган бўлсак, Қарорда кўзда тутилаётан 10 минг қадамни юриш учун фуқаролар 3-4 соатлаб кўчада бўлишларига тўғри келади. Айниқса, улар орасида кексалар, касаллар, болалар ҳам бўлишини инобатга олсак, ҳожатхонага эҳтиёж янада ортади.
Қолаверса, биз юрадиган йўлакнинг таъмир туфайли чироғи олиб қўйилган қоронғу қисмлари ҳидланиб кетгани ҳозирнинг ўзида ҳам ҳожатхонага эҳтиёжманд фақат биз эмаслигимизни кўрсатиб турибди.
Хорижлик олдидаги ҳижолатпазлик...
Кимгадир бу танқид ўринсиз, арзимасдек туюлар, аммо, бутун дунёда, айниқса сайёҳлар жалб қилинаётган масканлар қурилиши лойиҳасида ҳожатхона масаласи бирламчи аҳамият касб этади. Афсуски, бизда, ҳатто Самарқанддек дунёга кўз-кўз қилгимиз келадиган шаҳарларимизда ҳам бу масала катта муаммо. Шу туфайли бир хорижлик меҳмон олдида уятга қолганимиз ҳеч ёддан чиқмайди...
Катта сиёсий тадбирга кузатувчи бўлиб келган меҳмон вақтдан ютиш учун тунда Регистон майдонини айланар экан, кутилмаганда ҳожатхона сўраб қолди... Типирчилашимизни кўрсангиз эди?! Охири маҳаллий масъулларга айтиб, уларнинг ёрдами билан шу атрофдаги бир олийгоҳнинг ҳожатхонасига (бу ҳожатхонанинг аҳволини талаба бўлиб кўрганлар яхши билади) олиб киргандик бир амаллаб...
Ўша аччиқ тарихдан хулоса қилган ҳолда ҳозир ҳам Анҳор бўйлаб меҳмон олиб юрмасликни тавсия қиламан...
Изланса имкон кўп...
Аслида масалага камхаражат ечимлар ҳам бор! Зеро, Анҳор бўйлаб бир қанча ошхона, кафе ва ресторанлар жойлашган. Ҳатто каттагина истироҳат боғи ҳам мавжуд. Халқ орасида «Оқ мачит» номини олган, маҳаллий сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган масжид ҳам бор. Агар масъуллар озгина саъй-ҳаракат қилишса, шуларнинг ҳисобидан ҳам ҳожатхоналар ташкил қилиб қўйиш, ҳеч бўлмаганда уларнинг ҳожатхоналарига бошловчи йўлкўрсаткич қўйиб, барча бемалол фойдаланишига шароит яратиш мумкин...
Ҳозир эса баъзи ошхоналарнинг ҳожатхоналарига йўлакдан йўл йўқ, баъзиларига хўрандаларни оралаб ўтиш керак, баъзилари ҳатто қулфлаб қўйилганки, калитини эгаларидан сўрашингизга тўғри келади. Бунинг устига, ошхоналарнинг аксарияти ҳозирги шароитда кечга бориб фаолиятини тўхтатаяпти. «Анҳор Локомотив» истироҳат боғининг ҳожатхонаси эса боғнинг нариги, йўлакка энг узоқ бўлган чеккасида. Масжид таҳоратхонаси кундузи 10.00 гача ва кечки пайт 20.00 дан кейин ёпиб қўйилади. Қолаверса, кундузи ҳам аёлларга рухсат йўқ. Агар шу масжид таҳоратхонасининг бир бурчагидан эркак ва аёллар учун кечаю кундуз ишлайдиган жой ажратилиб, алоҳида эшик очиб қўйилса, олам гулистон! Бу ишлар учун бу муассасаларга бирон имтиёз берилса-ку, иш янаям осонроқ битади.
Яна бир гап, кимнинг кўзи тушган бўлса «Туркистон» санъат саройининг биқинида ер остида қурилган «маҳобатли» ҳожатхона мавжуд ва Навоий кўчасиданоқ унга томон йўлкўрсаткич қўйилган. Аммо у қачон қарасанг қулф туради. Ҳарҳолда, яқин йилларда унинг ишлаганини ҳеч кўрмаганман. Наҳотки шуни ишлатиб қўйишнинг имкони бўлмаса? Яқинидаги ошхонага бириктириб берилса ҳам йўқ дейишмаса керак...
Чала қурилишлар муаммоси
Мазкур йўлакда яна бир катта «чипқон» кўзга ташланади — чала қурилишлар муаммоси. Бу ҳам қурилиш соҳамизнинг энг чирик касаллиги. Яъни бизда қурилиш бошланган жой харобазорга айланади — ҳамма томон чанг-тўзон (ёғингарчилик бўлса — лой), палапартишлик. Натижада атрофдаги янги қурилган иншоотлар ҳам расво бўлади, зарар кўради (бу борада хорижда йўлга қўйилган тартиб-интизомга гувоҳ бўлганлар орамизда кўп бўлса керак). Мен тилга олган пиёдалар юриш йўлагида ҳам ҳозир худди шу ҳолат — «Анҳор Локомотив» истироҳат боғи тўғрисида Анҳор устидан бир йиллар муқаддам кўприк қурилиши бошланган эди. Пандемия туфайлими, ё бошқа сабабданми, қурилиш анчадан бери тўхтаган ҳисоб. Аммо Анҳорнинг ҳар иккала томонидаги йўлакнинг шу қисмида ковлаб ташланган жой қайтиб тўғираб қўйилмаган (нари-бери шағал тўкилганини инобатга олмаса). Натижада бу жойнинг чанги одамлар оёғига илашиб чиқиб, йўлак бўйлаб 20-30 метргача ёйилиб бўлган. Эрта-индин ёғин-сочин бошланса, лой янаям узоққа кетади. Оқибатда, биринчидан, қанча маблағ сарфлаб қурилган йўлакчанинг катта қисми расво бўлади, қолаверса, саломатлигини тиклайман деб юраётган одамлар анча масофагача чангдан нафас олишга мажбур бўлади...
Таклиф берилди
Хуллас, шуларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига қўйилган «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини ҳар бир фуқаронинг ҳаётига киритишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасининг 36-бандига қуйидагича таклиф билдирдим:
«36-бандда «аҳоли юриши учун мўлжалланган йўлакларда» сўзларидан кейин «узлуксиз ишлайдиган ҳожатхона, дам олиш ўриндиқлари, қўл ювиш жойлари, спиртсиз ва доривор ичимликлар (имкон қадар автомат) дўконлари каби зарурий эҳтиёж саналадиган иншоот ва қурилмалар ҳам бўлиши, йўлакларинг равонлиги ва ёруғлиги таъминланиши шартлигига; йўлакларда» деган жумлаларни қўшишни, «шунингдек, уларни ёруғ, узлуксиз ва равон қурилишига» сўзларини олиб ташлашни, банднинг охирги хатбошисидаги «қурилиш-монтаж ишлари ва нормаларини сифатли бажарилиши» сўзларидан кейин «аҳоли юриши учун мўлжалланган йўлаклар билан кесишадиган бошқа қурилишларни амалга оширишда юришга халақит бермаслик чоралари кўрилиши» сўзлари қўшилишини, алоҳида хатбошида «аҳоли юриши учун мўлжалланган йўлакларда зарурий иншоотлар ва қурилмалар ташкил этишда яқин атрофдаги ошхона, кафе ва бошқа муассасалар имкониятларидан ҳам фойдаланиш учун уларга имтиёзлар бериш борасида таклифлар киритсин», деган жумлалар қўшилишини таклиф қиламан».
Бу таклифимизга Сизлар ҳам ҳавола орқали ўтиб ўз муносабатларингизни билдирсаларингиз ёки қўллаб-қувватласаларингиз, зора, инобатга олиб қолинса... Зеро, бир қарашда кулгили кўринган ҳожатхона масаласи аслида жиддий: уни бежиз «подшоҳлар пиёда борадиган жой» дейилмайди...
Нурбек Тошниёз, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter