Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Педофилни кимёвий бичиш қанчалик самара беради?

Педофилни кимёвий бичиш қанчалик самара беради?

Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг мурдаси номусга тегиш аломатлари билан топилганига кўп бўлгани йўқ. Муслима фожиасидан кейин жамоатчилик фаоллари ҳам, мансабдорлар ҳам педофилларга нисбатан жазони кучайтириш кераклигини, хусусан, жаҳон тажрибасидаги кимёвий кастрация усулини ҳам жорий қилиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Бу таклифга баъзилар қарши ҳам чиқди. Умуман, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамалар, кескин фикрлар кўп бўлди. Афсуски, «бола ҳуқуқлари, хотин-қизлар эркинликлари, уларни ишончли ҳимоялаш, жазони муқаррар қилиш шарт»лиги ҳақидаги гаплар жойида қолиб кетди. Орадан икки ой ўтиб-ўтмай, Хоразмдаги фожиа сабаб, мавзу яна кун тартибида.

Кимёвий бичиш амалиётини жорий этиш ҳақидаги таклифлар энди янада “юқорироқ”дан айтилмоқда. Педофилларни кимёвий бичиш бўйича петиция ҳам эълон қилинди, унга овоз беришга чорлашмоқда. Петиция етарлича овоз йиғиб, қонунчиликка ҳам тегишли ўзгартиришлар киритиладиган бўлса, биз кутган мақсадга эришган бўламизми?

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кўринмоқдаки, дастлаб кимёвий кастрация қандай амалиёт экани ва унинг натижаси нима бўлишини тушуниб олиш керак.

Кимёвий кастрация (бичиш) нима?

Вояга етмаганлар билан боғлиқ фожиалардан сўнг кўпроқ кимёвий кастрацияни жорий этиш таклиф қилинмоқда. Аммо бир муддат аввал Президент администрацияси ахборот-коммуникация технологиялари ва жамоат лойиҳалари бўйича шўъба етакчи консультанти Ҳикматилла Убайдуллаев таъкидлаганидек, “кимёвий кастрация — педофилия муаммосига самарали ечим эмас. Ушбу тиббий аралашув нафақат руҳий бузилиш муаммосини ҳал қилмайди, балки ҳуқуқбузарнинг жиноят содир этиш имкониятини ҳам истисно қилмайди. Бундан ташқари, бу жиноятларнинг олдини олишни кафолатламайдиган қиммат ва узоқ муддатли чорадир”.

Дарҳақиқат, кимёвий кастрация организмга тиббий дори юбориш орқали жинсий фаолликни вақтинчалик камайтиришдир. Дори юборилган одам энди бир умрга бичилди, дегани эмас. Жисмоний (жарроҳлик) кастрациядан фарқли ўлароқ, кимёвий бичишда жинсий аъзоларлар операция усули билан олиб ташланмайди. Яъни, андроген гормонларни сусайтириш учун ҳар 2-3 ойда бир укол қилиб турилиши керак. Препарат юбориш тўхталиши билан, жинсий майл бир неча ойда қайта тикланади.

Дунё тажрибасида ҳам педофилларга нисбатан кимёвий бичиш амалиёти қўлланилади, аммо қўшимча чора сифатида. Чунки педофилия руҳий касаллик, кимёвий бичиш эса унинг фақат битта аломатини бостириб бериши мумкин, холос. Масалан, Қозоғистонда педофилнинг жинояти фош этилгач, узоқ йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан бирга кимёвий кастрация амалиёти ҳам қўлланилади. Қозоғистоннинг Тараз шаҳар суди ўқувчи қизни зўрлаган эркакни 25 йил муддатга қамоққа ҳукм қилиб, сўнг у мажбурий кимёвий кастрация қилингани бунга мисол.

Масаланинг тиббий ва иқтисодий жиҳатлари

Гумон қилинаётган шахснинг педофиллиги руҳий-психологик текширув натижасида тасдиқлангач, кимёвий кастрация амалиётини тайинлашдан олдин педофил тўлиқ тиббий текширувдан ўтказилиши лозим. 2018 йилги маълумотга кўра, Қозоғистонда бир педофилни йил давомида кастрация қилиш учун 126 минг тенге (ўша вақтдаги курс бўйича тахминан 370 доллар) сарфланган. Амалиётдан олдинги руҳий ва тиббий кўриклар, кейинги ножўя таъсирлар ҳам давлат учун қўшимча харажатдир.

Масаланинг яна бир томони, агар педофил қамалмаса ва фақат кимёвий бичилса, битта дори билан амалиёт таъсирини йўққа чиқариб, асл ҳолига қайтиши мумкин. Ачинарлиси, дорихоналаримиздан шифокор рецептисиз дори сотиб олиш муаммо эмас. Ўзбекистондан аввал кимёвий бичишни амалиётга киритган Қозоғистонда айнан шу муаммо кўтарилган эди. Дорихонадан педофил бемалол жинсий майлни оширадиган дори харид қилар экан, кимёвий кастрация амалиётидан ҳеч қандай маъно қолмайди.

Нима қилмоқ керак?

Хоразмдаги ҳолатни жамоатчиликка етказган Nemolchi.uz лойиҳаси қайд этганидек, «16 ёшга тўлмаган шахс билан қилинган жинсий алоқа номусга тегиш дея баҳоланиши керак”. Лойиҳа “16 ёшга тўлмаган шахс билан алдов, ишончни суиистеъмол қилиш, моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилганларни 8-11 йилга озодликдан маҳрум қилиш”ни қонунчиликка киритишни таклиф қилган.

Лойиҳа муаллифи Ирина Матвиенконинг таъкидлашича, “вояга етмаганларга нисбатан содир этиладиган жинсий жиноятларнинг 95 фоизи – ситуацион жиноятлардир”. Яъни, одамлар уларга жинсий алоқа керак бўлгани учун, балки шу қабиҳ ишларни бемалол, қўрқмай қила олганликлари учун ҳам болаларнинг номусига тегиб, шилқимлик қилади.

“Чунки мавжуд шароит жиноятчига ўз қилмишини хавфсиз содир этишга имкон беради. Болаларнинг номусига тегиб, уларни зўрлайдиганларнинг аксарияти – педофил эмас, соппа-соғ одамлар. Бундай ҳолатда ҳеч қандай кастрация ёрдам бера олмайди”, - деб қўшимча қилади Матвиенко.

Шундай экан, кастрациягача ҳам қилиниши зарур ишлар етарлича. Аввало, жазонинг муқаррарлиги ва ҳамма учун тенглигини таъминлаш лозим. Ожиз аҳволдаги етим қизлар билан 10 ой давомида жинсий алоқа қилиб келган амалдорларга “бир ярим йил кечаси кўчага чиқиш тақиқланади” дегандек жазо тайинланмаслиги керак. Жиноятлар қилмишга яраша, оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда тўғри таснифланиши керак.

Дилроз Абраева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг