Пахтага мажбурий жалб этилганлар аниқланди
Бугун АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Раҳим Маҳкамов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда 2020 йилги пахта йиғим-терими давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш юзасидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Қайд этилишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, республиканинг 86 та ҳудудида 190 дан зиёд мониторинглар ҳамда ижтимоий тармоқда тарқалган хабарлар юзасидан ўрганишлар ўтказилди. Натижада, мажбурий меҳнатдан азият чеккан 320 дан ортиқ фуқаролар аниқланиб, 10 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди.
Республиканинг барча туман(шаҳар)ларида банд бўлмаган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича олиб борилган ишлар, теримчилар учун яратилган муносиб меҳнат ҳамда дам олиш шароитлари, терим пулларининг ўз вақтида ва белгиланган меъёрий сўммада берилаётганлиги ўрганилганда, 44 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан муносиб меҳнат шароитлари яратилмаганлиги учун маъмурий жарималар қўлланилди. Юқоридаги ҳолатларнинг такрорланмаслигини олдини олиш мақсадида ёзма кўрсатмалар берилди.
Хусусан, Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида «Artsoft progress» кластер даласида пахта тераётган теримчилар учун пахта терим пуллари ўз вақтида берилмаётганлиги аниқланди ва фермер хўжалиги раиси маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шу каби ҳолатлар Тошкент вилоятида 9 та, Хоразм вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Бухоро вилоятида 5 та, Наманган вилоятида 3 та фермер хўжалиги раҳбарлари муносиб меҳнат шароитларини яратмаганлиги, теримчилар билан меҳнат шартномалари тузмаганлиги ва пахта терими пулларини ўз вақтида бермаганлиги учун маъмурий жаримага тортилди. Шунингдек, ўрганиш натижаларида тўпланган ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ тегишли чора кўриш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилмоқда.
Жумладан, Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги «Кугай» қишлоғида жойлашган «Жўрахон Жўраев» фермер хўжалиги даласидаги ўрганиш натижасида пахта далаларида Марказий банкнинг Наманган вилояти бош бошқармаси, «Трастбанк» ХАК Наманган филиали ҳамда «Намангандонмаҳсулотлари» АЖ ходимларининг ўрнига чиққан фуқаролар муайян маблағ эвазига пахта тераётганлиги маълум бўлди ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳолат юзасидан маъмурий чора кўриш мақсадида маъмурий судга тақдим этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter