Пастдарғом йўлларида ўрдак боқиладими?
Шу кунларда Пастдарғом туманига йўлингиз тушиб, катта йўлдан юрсангиз, икки ёнга экилган манзарали дарахтлар, гуллар, кўча ёритиш чироқларини кўриб, ажойиб манзара касб этганини гувоҳи бўласиз.
Лекин бу манзара, экилган гуллар, ҳаммаси ички кўчаларга киришингиз билан иллюзион тассаввур экани маълум бўлади ва ҳафсалангизни пир қилади. Айниқса, туманга келиш йўлининг ички кўчаларга туташ жойлари шундай усталик билан асфальт қилинганки, ойнадек дейсиз, лекин афсус ўша равон йўл 50 метр масофада тугаб қоладию, кейин яна ўша ўйдим-чуқурлар бошланиб кетади. Бу борада пастдарғомлик йўлсозларнинг «санъати»га қойил қолмай иложи йўқ. Умуман йўл бўйлаб келиб-кетсангиз, Акира Куросаванинг ўша машҳур «Тушлар» фильмидаги каби гўзал манзарага гувоҳ бўлишингиз тайин. Лекин ички йўлларчи?
Яқинда ижтимоий тармоқларда тумандаги «Катта Найман» МФЙда яшовчи фуқаро Ш.Ҳамидов томонидан жойланган видеода ички йўлларнинг аянчли аҳволи тасвирга олинган.
– Ёмғир ёғса серқатнов йўлимизда ўрдак боқса бўладиган бўлади, ёзда эса чанг-тузон, кўча четидаги уйларнинг ичига ҳам кириб кетади. Бир неча йилдан буён мурожаат қиламиз, кейинги йил дастурига, кейинги йилга деб ортга сурилиб келмоқда йўл таъмири, – дейилади видеомурожаатда.
Яна бир этиборли жаҳати, мурожаат эгаси бу йил ҳам йўлимиз таъмирланмаса керак деб, ўкинчли изоҳ қолдиради.
Энг ёмони, мана бу ишончсизлик ўша серқатнов йўлдан қатновчи қанчадан қанча фуқароларнинг қалбида тумандаги мутасаддиларига ишончсизлик келтириб чиқармайдими? Ўйлаймизки, Пастдарғом тумани мутасаддиларининг ҳам дастур ва амаллари, ҳукуматимиз томонидан илгари сурилаётган одамларни рози қилиш тамойилларига ҳамоҳанг бўлади ва Мустақилигимизнинг 30 йиллигига ҳудуд аҳолиси қишда ўрдак боқиладиган, ёзда чанг ботган йўлдан эмас, равон йўллардан қадам ташлайди. Йўлсозларнинг неча йиллик ваъдалари бажариладиган кун келди. Зеро, бу ваъдалар икки сайловдан кейин ҳам амалга ошмай қолса, яхши бўлмас. Шундай экан яхши хабарлар кутиб қоламиз.
Шуҳрат Нормуродов, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter