Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Партиялар яна беш йиллик пинакка кетдими?!

Партиялар яна беш йиллик пинакка кетдими?!

Cайлов ўтдию сиёсий партияларимизнинг бор-йўқлиги билинмай қолди. Қайноқ масалаларда пайдар-пай баёнотлар бериб турган партиялар бирдан «овозсиз режим»га ўтиб олди. Таъбир жоиз кўрилса, шиширилган пуфак бирдан дам қўйиб юбордию шалвираб-шалпайиб қолди.

Бу орада жамият ҳаётида қанчадан-қанча «баёнотбоп» воқеалар рўй берди.

Давлат раҳбари илк бор мухолифат масаласида очиқ баёнот берди. Партиялар гўё «бизга мухолифатнинг алоқаси йўқ» дегандек бир энлик муносабат билдиришга ярамади.

«Ширинсуханлиги» билан донг таратган ҳокими замон Шуҳрат Ғаниев яна «ҳунар» кўрсатди: блогернинг жанозаси ўқилишини талаб қилди. Жамоатчилик яна денгиздек кўпириб тошди. Партиялар эса мум тишлаб тураверди!

Мамлакатимизнинг турли ҳудудлардан келган ўнлаб ҳайдовчилар Олий Мажлис биноси олдида тўпланиб, жорий йил 1 январдан кучга кирган янги божхона тартибидан арз-дод қилди. Сайлов арафасида қўйиб берсангиз, азза-базза осмондаги ойни ҳам олиб бермоққа шай партияларимиз бу масалада ҳам «Жимжитлик» романидан парча ўқимоқни маъқул кўрди.

Умуман, 1 январдан солиқ ва бож тизимида талай янгиликлар кучга кирди ва айтиш жоизки, уларнинг ҳаммасини ҳам жамоатчилик қарсагу олқишлар ила кутиб олмади. Халқ манфаатини ҳимоя қилишни зиммага олган партияларимиз эса ваколатли идораларни саволга тутмоққа жасорат топмади.

 Андижонлик блогер Отабек Нуриддиновнинг 15 суткага қамалиши масаласида жамият гўё икки лагерга бўлиниб қолди: сўз эркинлиги тарафдорлари ва унга мухолифлар! Жонсарак депутат Расул Кушербоевнинг ошиғич баёнотини инобатга олмаганда, партиялар ушбу муҳим масалада ҳам «лабига кесак суртиб» тураверди!

Прокуратура идорасида соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупция ҳолати муҳокама этилгани жамоатчиликда зиддиятли муносабатлар уйғотди. Масъуллар томонидан кўп сонли соғлиқни сақлаш ходимларининг ёппасига қўли эгриликда айбланиши ҳақли эътирозларга сабаб бўлди. Сайлов кампанияси даврида ўйлаб-нетиб ўтирмай, чекка ҳудуддаги эски симёғочни янгилаш вазифасини ҳам ўз зиммасига олаётган партия вакиллари ҳаёт-мамот масаласи бўлмиш тиббиёт муаммосига муносабат билдирмоқни ўзига эп кўрмади.

Лозим бўлса яна талай мисолларни келтириш мумкин.

Умумхалқ овоз бериш тадбири арафасидаги оташин баёнотлар шунчаки сайловолди кампанияси учунмиди?!

Иш битиб, арава лойдан ўтдими?!

Бўлдими, «стакандаги бўрон» тиндими?!

Парламент ва кенгашлардаги жойлар қайта тақсимлангач, сиёсий партияларимиз яна пинакка, аниқроғи, беш йиллик уйқуга кетдими?!

Партияларимизга солиқ тўловчи сифатида халқ маблағи, сайловчи сифатида эса эл ишончини оқлаш йўлида муттасил саъй-кўшиш қилмоқ кераклигини эслатиб қўймоқчимиз.

Партиялар сайлов арафаси қоп-қоп ваъдалар берганига эл-улус шоҳид бўлди. Бугун халқнинг – электоратнинг озми-кўпми сиёсий онги очилган, мудраб ётган журъату жасорати яна қайта уйғонган. Уни аввалгидек ёлғону ўтриклар билан алдаш осон эмас. Халқ аҳли сиёсатдан ҳали ваъдага вафони талаб қилади! 

Партиялармизга «от совитар» жараёнини чўзиб юбормасликни тавсия этган бўлур эдик. Зотан, совиб ҳовуридан тушган арғумоқни яна пойгага олиб кириш учун уни аллазамонгача тайёрлаш талаб этилади.

Партияларимизга орзудаги эркин жамиятга муносиб ҳаракат қилиш лозимлигини яна бир карра эслатмоқчимиз. Зотан, сиёсий партиялар ўз вазифасини бажармай, имитация билан машғул бўлар экан, демократик жамият – хомхаёл, ушалмас орзу, эртакдаги сусамбил бўлиб қолаверади...

Собир Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг