Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хушнудбек Худойбердиев

Фақат ҳақиқатни, барча ҳақиқатни, ҳақиқатдан ўзга ҳеч нарсани…

ЎзЛиДеп сиёсий кенгаши аъзоси фермерларни Экологик партияга аъзо қилмоқчи. Ҳар бир туманга «план» ҳам қўйилган

ЎзЛиДеп сиёсий кенгаши аъзоси фермерларни Экологик партияга аъзо қилмоқчи. Ҳар бир туманга «план» ҳам қўйилган

Архив фото.

Дунё дунё бўлиб, сиёсий партияга оммавий аъзо қилишнинг бунақа йўлини кўрмаган бўлса керак.

Жиззах вилояти фермерлар кенгаши раҳбари туманларга хат чиқариб, Экологик партияга ҳар бир тумандан 50 кишини аъзо қилишни сўраяпти. Қилинган ишлар юзасидан 10 кун муддатда бир нафар ходим бириктириб, аъзо бўлганлар ҳақидаги маълумотларнинг асл нусхасини олиб келиш топшириғини бермоқда.

Инновация, инновация...

Сиёсий партия дегани, ўзи жойларда юриб, халқ орасида тарғиботлар қилиб, одамларни ўз сиёсий ғояларига ишонтириб, кейин аъзо қилмайдими? Маъмурий буйруқбозлик билан бўладиган иш эмаску бу.

Фото: «Xushnudbek.uz»

Тўғри, айтишингиз мумкин, «бу хат шунчаки амалий ёрдам сўраб ёзилган, ҳеч ким мажбурланмаган» деб. Унда ҳар бир туманга 50 кишилик «план» қўйишга бало борми? «План» қўйилган жой борки, мажбурлов механизми ишлайди. Чунки юқори турувчилар «нега планни бажармадинг» деб зуғум қилади. 10 кун муддатда ҳисобот талаб қилишчи, бу нимаси? Бир нафар ходимни нима учун бириктириш керак? Хатдан мажбурийлик ҳиди шундоқ анқиб турибди-ку.

Сиёсий партияга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик, ҳамманинг ўз ихтиёри, ҳеч ким мажбурлашга ҳаққи йўқ.

Энг қизиғини айтайми? Экологик партияга фермерларни аъзо қилиш ҳақида хат чиқарган вилоят фермерлар кенгаши раиси А.Эшматовнинг ўзи ЎзЛиДеп сиёсий кенгаши аъзоси.

Мантиқан олганда ҳам аслида фермерларнинг сиёсий партияси — бу ЎзЛиДеп. Партия уставида ҳам шундай ёзилган ва аллақачон кўплаб фермерлар бу партиянинг аъзоси. Энди Жиззахда фермерлар қўшпартияли бўладими?

Эээ, хуллас-да... Бизда сиёсий партиялар фаолияти ўзи хос, бирорта жойда такрорланмайди. Қойил қолиш керак.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг