Ўзбекистоннинг олис ҳудудларини ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария лойиҳаси тақдим этилди
Жорий йилнинг 16 октябр куни Аҳоли турмуш тарзини ривожлантиришга кўмаклашиш Республика «Тараққиёт» жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда «Global Wash Initiative Fund» JTI SA билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг олис ҳудудларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Такаши Хатори, JTI компанияси вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Тақдимот якунида тадбир қатнашчилари Наманган вилояти Косонсой туманидаги Сойча қишлоғини ичимлик суви билан таъминлашни рамзий равишда бошлаб беришди.
Ушбу лойиҳа доирасида 2024-2026 йилларда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларининг олис ҳудудларидаги аҳоли, шу жумладан, мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маҳаллий ичимлик суви тизимларини бошқариш ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида ичимлик суви ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш, ичимлик суви, санитария, гигиена кўникмаларини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтириш мақсадида қишлоқ аҳолисининг бу борадаги салоҳиятини ошириш учун тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида қишлоқларни танлаб олиш учун бир қанча мезонлар белгилаб олинган. Хусусан, қишлоқ аҳолисининг сони камида 4000 нафардан иборат бўлиши, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи ва лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга тайёрлиги, сув орқали юқадиган касалликлар ҳолати кўплиги, муқобил ичимлик суви манбаларининг мавжудлиги ва ҳоказолар.
Лойиҳа доирасида янгидан қурилган ичимлик суви тизимлари мустақил равишда аҳолига хизмат кўрсатади. Шунингдек, бу орқали 24 мингдан ортиқ аҳоли, жумладан, мактаблар ва тиббиёт муассасалари тоза ичимлик суви билан таъминланади ҳамда санитария ҳолати яхшиланади. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви, санитария ва гигиена (WASH) ҳамда иқлим ўзгаришининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш бўйича хабардорлиги оширилади. Ичимлик суви таъминоти бўйича маҳаллий бошқарув таъминланади ҳамда молиявий шафофф ҳисобот тизими, аудит ва мониторинги шакллантирилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун айни пайтга қадар маҳаллий ҳокимликлар томонидан Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидаги 84 та қишлоқнинг техник маълумотлари тақдим этилишида ва лойиҳа мезонлари асосида қишлоқларни танлаб олишда амалий ёрдам кўрсатилди. 42 та қишлоқда бошланғич ўрганиш ишлари амалга оширилди ва лойиҳанинг 2024 йилги режаси учун 2 та қишлоқ танлаб олинди. Булар: Наманган вилояти Косонсой туманидаги Сойча қишлоғи ҳамда Фарғона вилояти Фарғона туманидаги Фарғона қишлоғи.
Мазкур лойиҳани молиялаштираётган JT компанияси бошқарув раиси ўринбосари Шигеаки Окамото Ўзбекистонда олис ҳудудлардаги аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:
«Мен Япониядан JTI Global Wash ташаббуси миссияси билан келдим. Беш йил олдин JTIда одамларга ичимлик суви етказиб беришда кўмаклашишни бошлаганмиз. Биз фойдамизнинг бир қисмини Фарғона водийсининг чекка қишлоқларида ёмғир сувини тўплаб ичаётган одамларга ичимлик суви ва санитария хизматларини етказиб беришга сарфлашга қарор қилдик.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ғоямизга тезкор муносабат билдириб, лойиҳани амалга ошириш учун барча зарур шароитларни яратиб берганидан чуқур миннатдорман. Вазирлик билан ҳамкорлигимиз жамиятнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун бизнес ва давлат ресурсларини бирлаштирувчи давлат-хусусий шерикликнинг намунасидир.
Уч йил давомида JTI Wash ташаббуси Фарғона водийсида 30 000 га яқин аҳоли учун самарали, узоқ муддатли сув инфратузилмасини қуриш мақсадида қарийб 2 миллион доллар ажратмоқда. Ўзбекистоннинг ушбу лойиҳа бўйича тажрибаси сув танқислиги муаммосини ҳал этишга интилаётган бошқа мамлакатлар учун катта аҳамиятга эга бўлади. Умид қиламизки, JTI Wash ташаббуси Ўзбекистон учун фойдали бўлади ва компаниямиз билан Ўзбекистон ўртасида аҳоли учун манфаатли бўлган янада чуқурроқ ва самарали ҳамкорлик бошланади», – дейди у.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter