Ижтимоий сўров: ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевга қанчалик ишонишади?
«Xabar.uz»га маълум қилишларича, Ўзбекистон Президентининг фаолияти, ўзбекистонликларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий, ҳукуқий ва сиёсий соҳалардаги ислоҳотларга муносабатини, аҳолининг давлат раҳбарига ишончи рейтингини ҳамда Президент томонидан ўтказилаётган ташқи ва ички сиёсатни қўллаб-қувватлашларини аниқлаш мақсадида 2018 йилнинг 18–21-май кунлари жамоатчилик фикри ўрганилди.
Ўтказилган ижтимоий сўров натижаларининг кўрсатишича, ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги фаолиятини юқори баҳолайди. Фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 91,9 фоизи амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, барча соҳаларни янада модернизациялаши ҳамда давлатни ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш учун шароитлар яратилаётганини, ҳар бир фуқаронинг ва умуман жамиятнинг манфаатлари рўёбга чиқарилаётганини маъқуллайди ва қўллаб-қувватлайди.
Жамоатчилик фикри сўровлари мониторинги фуқароларнинг Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти лавозимидаги фаолиятига берган баҳоларида ижобий динамикани аниқлади. Ушбу кўрсаткичлар 2,6 фоизга кўпайиб, 2017 йил октябридаги 89,3 фоиздан 2017 йил майидаги 91,9 фоизга етди.
Давлат раҳбарининг фаолиятига фуқаролар берган ижобий баҳолар динамикаси барча ёш ва касбдаги аҳоли табақалари учун хосдир.
«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилаётган сиёсат сизнинг орзу ва умидларингизни қай даражада оқлади?» деган саволга фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 92,5 фоизи «Президент томонидан ўтказилаётган сиёсат фуқароларнинг орзу ва умидларини тўла даражада оқлади» деб фикр билдирди. Мониторинг ушбу нуқтаи назарни маъқулловчи фуқаролар сони 2017 йил билан қиёслаганда 2,3 фоизга ўсганлигини аниқлади.
Сўров натижалари Президент раҳбарлигида Ўзбекистонда ўтказилаётган ички ва ташқи сиёсий ислоҳотлар йўлининг мамлакат фуқаролари томонидан ялпи қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди. «Сиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилаётган ички сиёсатни қай даражада қўллаб-қувватлайсиз?» деган саволга сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги, яъни 90,3 фоизи «Тўла қўллаб-қувватлайман» деб жавоб берди. Сўровлар мониторинги ушбу нуқтаи назарга қўшилувчи респондентлар сонининг ўсганидан далолат беради.
Сўров натижалари фуқароларнинг мутлақ кўпчилиги — 92,2 фоизи Президент Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида халқаро майдонда мамлакат манфаатларини илгари суриш, ҳам яқин, ҳам олис хорижий давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, жаҳон миқёсида мамлакатнинг нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ташқи сиёсатни тўла қўллаб-қувватлашини кўрсатмоқда.
Сўров иштирокчилари Ўзбекистон кейинги вақтда жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини мустаҳкамлади, минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлашда жиддий натижаларга эришди, ҳам яқин, ҳам олис хориж мамлакатлари билан халқаро иқтисодий ҳамкорликни амалга оширмоқда, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий соҳаларда ўзаро фойдали алоқаларни фаол ривожлантирмоқда, деб ҳисоблайди. Сўровнинг кўрсатишича, фуқаролар ўз жавобларида мамлакат президентининг хорижий давлатларга расмий ташрифлари ва давлат раҳбарлари билан учрашувларининг юксак самарадорлигини қайд этмоқдалар.
Ўтказилган сўров аҳолининг давлат раҳбарига ишончи рейтингини аниқлади. Сўров натижаларига мувофиқ, Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликлар ўртасида катта обрў ва ишончга эгадир. 94,1 фоиз аҳоли Президентга ўзларининг тўла ишонади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter