Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Ҳиндистондаги ўқув марказга етиб боришди

Ўзбекистонлик ҳарбийлар Ҳиндистондаги ўқув марказга етиб боришди

Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар жорий йилнинг 8 март куни ҳинд-ўзбек ҳарбий бўлинмалари иштирокида ўтказиладиган «Дўстлик-II» ўқувларида иштирок этиш учун Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказига етиб боришди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментидан лейтенант Орифжон МАМАЖОНОВ хабар берди.

10 март куни ушбу ўқув марказининг маданият саройида ҳамкорликдаги ўқувнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида икки мамлакатнинг давлат байроқлари олиб кирилди ва давлат мадҳиялари ижро этилди. Тантанали тадбирни Ҳиндистон Республикаси пиёда қўшинлари корпуси қўмондони генерал С.К Шарма кириш сўзи билан очиб берди. Генерал Шарма ўз сўзида 2019 йил Ўзбекистонда ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ўтказилган «Дўстлик-2019» тактик ўқув машғулотлари мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилганини, шунингдек, терроризмга қарши курашиш ва жанговар ўқув операцияларда иштирок этиш орқали икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мазкур ўқув машғулотининг асосий мақсади эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси номидан сўзга чиққан полковник Азизбек Камилов Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳақида сўз юритиб, ҳамкорликда ўтказилаётган мазкур ўқувлар келажакда ҳарбий ҳамкорлик масалаларини янги босқичга олиб чиқишини билдирди.

Ўқувнинг дастлабки кўргазмали машғулотини Ҳиндистон армияси капитани Шишир Шукла ўз мамлакати ҳақидаги маълумот билан бошлаб берган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги офицери полковник Дилмурод Юлдашев мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар ҳақидаги чиқиши билан давом эттирди. Машғулот якунида икки давлат ҳарбий хизматчилари эсдалик учун суратга тушдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 4 – 13 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг «Чирчиқ» полигонида Ўзбекистон ва Ҳиндистон умумқўшин бўлинмаларининг ҳамкорликдаги «Дўстлик – 2019» тактик ўқув машғулотлари ташкил этилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг