Ўзбекистонга кэшбэклар керакми?
Ўзбекистонликларга харид қилганлари учун пулларининг бир қисми қайтариладими?
Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки терминаллардан фойдаланганлик учун 0,2% мажбурий ҳақни белгилаб қўйди. Маблағлар, шу жумладан, кэшбэклар тизимини ривожлантиришга юборилади. Мухбиримиз кэшбэклар нима эканлигини ва улар Ўзбекистонга қанчалик кераклигини ўрганди.
Кэшбэк нима
Кэшбэк (cash back) инглиз тилидан таржима қилганда – «нақд пулларни қайтариш». Бу шуни билдирадики, киши аввал товар ёки хизматнинг тўлиқ қийматини тўлайди, сўнг эса маблағнинг бир қисми унга шу заҳоти ёки ой охирида қайтарилади. Шундай қилиб, харид фойдали бўлади. Аксарият ҳолларда қайтариш фоизи 0,5 фоиздан 5 фоизгача ўзгариб туради.
Азиз Рахимов (Сlick):
– Ўзбекистонда кэшбэклар билан боғлиқ лойиҳалар мавжуд. Гап шундаки, уларнинг сони ҳали унча кўп эмас. Click, масалан, картадан картага пул ўтказма ҳақининг ярмини мижоз ҳамёнига қайтаради. Капиталбанк ҳам ўзининг кэшбэклари – «Апельсинчалари» каби сервисини ишга туширди. Бошқа банклар ҳам шунга ўхшаш лойиҳалар билан шуғулланмоқда. Яқинда Humans компанияси Ўзбекистонда очилганлиги ҳақида эълон қилди. У ерда ҳам барча харидларга кэшбэк режалаштирилган. Шунинг учун бу соҳада бизларни жорий ва кейинги йилларда хилма-хил таклифлар шов-шуви кутмоқда.
Шунингдек, баъзан кэшбэк остида кейинги сафар сотувчининг олдига борганда тўлаш мумкин бўлган бонус баллар ҳисобланиши назарда тутилади.
Умид Гафуров (Troll.uz, Edu Now, The Base):
– «Кэшбэк — хариднинг 1-10 фоизи харидорнинг ўзида қолиши бутун дунёда оммабоп бўлган амалиёт. Мен ҳам маълум тўлов тизимлари орқали авиачипталарни сотиб олиб, бир-икки марта маблағнинг 2 фоизини қайтариб олганман. Албатта, бу ёқимли. Ўзбекистонда бундай тизимларни учратмадим. Бир неча йил олдин шунга ўхшаш лойиҳани ишга туширмоқчи бўлдим, бир неча юз доллар сарфладим ва... бу ишни ташлаб қўйдим. Лойиҳа катта сармояларни талаб этишини тушуниб етдим. Бугунги кунда Ўзбекистонда фойдаланиш мумкин бўлган вариантлардан жамғариб бориладиган карталарни, масалан, «korzinka.uz»да ишлатиб келаяпман.
Кэшбэклар ким учун ва нима учун берилади
Ҳар қандай тадбиркор мижозларни пулларни тез-тез қайтариш билан рағбатлантиришга қодир. Кэшбэклар дастурлари 3 турда бўлади:
- Банкдан пулларни қайтариш. Агар банкда кэшбэклар дастури бўлса, унда унинг картаси билан шериклар шохобчаларида тўлов амалга оширилганда маблағларнинг бир қисми қайтариб берилади.
- Кэшбэк-сервисдан пулларни қайтариш (бу онлайн-дўконлардан таклифларни тўпловчи махсус сайт-агрегатор. Шохобча ва харидор ўртасида воситачи вазифасини бажаради). Фойдаланувчи шериклар рўйхатидан керакли товар билан сайтни топади, ҳавола бўйича ўтади, харидни амалга оширади, кэшбэк-сервис эса кейинчалик унга сарфланган маблағнинг бир қисмини қайтаради.
- Савдо шохобчаларнинг содиқлилик дастури. Харидор бонусларни йиғиб, сўнг улар билан ушбу шохобчада ёки шерикда ҳисоб-китоб қилади. Олдинги вариантлардан фарқли мижоз амалдаги пулларни олмайди. Агар сиз доимий харидор бўлмасангиз ва бу ерда катта харидларни режалаштирмаган бўлсангиз, унда олган бонуслар бефойда.
Нима учун Ўзбекистонда кэшбэклар ривожланмаган
Қўшни давлатларда кэшбэклар ҳар қадамда: банклар, ресторанлар, офлайн ва онлайн-дўконлар томонидан таклиф қилинади. Улар – тадбиркор ва мижоз учун одат бўлиб қолган маркетинг воситаси. Ўзбекистон бундай вариантлар хилма-хиллиги билан мақтана олмайди.
Азиз Раҳимов (Сlick):
– Ўзбекистонда кэшбэк соҳасидаги илк лойиҳалар 2017–2018 йилларда пайдо бўла бошлади. Лекин улар ривожланишига «кэшбэк» тушунчасининг ҳуқуқий ноаниқлиги халақит берган. Солиқ органлар уни фуқаронинг даромади сифатида талқин қилганлар ва даромад солиғини тўлашни талаб қилганлар. Фуқаро ўрнига солиқни ўтказишга банк, масалан, тайёр бўлган бўлса, кэшбэкларнинг бошқа эҳтимолдаги ташкилотчилари эса — йўқ. Уларда олувчи ҳақида керакли маълумотлар йўқ эди. Ҳаммаси ўтган йилнинг сентябрь ойида ўзгарди, Президент Фармони билан белгилаб қўйилдики, «жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди». Ҳуқуқий асос пайдо бўлди ва энди унинг асосида янги лойиҳалар фаол ривожлана бошлади.
Кэшбэк — бу фойдалими ёки шубҳалими?
Ўзимизга савол беришимиз мумкин: «Нима учун дўкон, банк ёки ресторан менга пул қайтариши керак?». Жавоб – чунки унга бу фойдали. Аслида кэшбэк чегирмага ўхшаш, унинг натижасида:
- харидор товар ёки хизмат учун камроқ тўлайди;
- тадбиркор нархларни камайтириш ҳисобига сотувлар ҳажмини оширади. Кэшбэк янги мижозларни жалб қилади ва эскиларни қайтишга ундайди. Одамлар пастроқ нархларда сотиб олишни истайдилар.
- кэшбэк-сервис тадбиркордан мукофот олади ва унча катта бўлмаган қисмини харидорга беради. Фарқ — бу унинг воситачилик хизматлари учун даромади.
Умид Гафуров (Troll.uz, Edu Now, The Base):
– Агар бизнес нуқтаи назаридан қарасак, унда тадбиркорга мижозларни қайтарувчи кэшбэклар фойдали. Масалан, худди шу муассасада қилинган харидлар учун баллар ёки маблағ кўринишдаги бонуслар. Кэшбэк амалдаги пул кўринишда шу заҳоти берилганда, унда бу, кўпроқ, фойдаланувчилар учун ёқимли бонусдир.
Кэшбэк-фирибгарлар бўладими?
Алданиб қолиш билан ҳар қайси соҳада дуч келиш мумкин.
1-вазият
Кэшбэк таклиф қилувчи савдо шохобчасида нарх ошириб юборилган. Бундай нархларни рақобатчиларда солиштиринг. Эҳтимол, сотувчи қайтаришга тайёр бўлган маблағ, нархлардаги фарқни қопламайди.
2-вазият
Инсофсиз кэшбэк-сервис маблағдан ваъда қилинган фоизни қайтармайди. Бир кунлик сайтлар молиявий пирамида тамойили бўйича ишлайди: бошида кэшбэклар тўлаб келинади, харидорларнинг ҳажми анчагина бўлганида эса, воситачи барча дўконлардан ҳақни йиғиб ғойиб бўлади.
3-вазият
Ҳалол кэшбэк-сервис ўрнига фирибгарлар сайти. Агар сиз тўлов шаклига шахсий маълумотларингизни киритсангиз, унда жиноятчилар картангиздан фойдаланиш имконига эга бўладилар ва ундан пул ечиб оладилар. Эсингизда тутинг, ўз картангиз PIN-кодини учинчи шахсларга маълум қилиш мумкин эмас.
Хулосалар:
- Энг ишончли кэшбэк — банкники, чунки бу соҳа қатъий назорат қилинади.
- Кэшбэк-сервисларни ишлатганда фақат яхши обрўга эга текширилган тизимлардан фойдаланинг.
- Бонуслар билан кэшбэкдан кўра, пул билан кэшбэк қулай. Пулларни хоҳлаган нарсаларга ишлатиш мумкин.
- Агар танлаш имкони бўлса, шу заҳоти кэшбэклардан фойдаланинг. Бу ҳолда пуллар картага харид қилгандан сўнг дарҳол қайтади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter