Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистондан Қирғизистонга мева ва сабзавот экспорти тўхтамаган

Ўзбекистондан Қирғизистонга мева ва сабзавот экспорти тўхтамаган

Фото: Navoiy.uz

Интернет тармоғида жорий йилнинг 14 ноябр куни тарқалган хабарларга кўра, Ўзбекистондан Қирғизистонга мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кирилишига Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги томонидан тақиқ қўйилиши билдирилган.

Хабарларга қараганда, бунга сабаб сифатида Ўзбекистондан Қирғизистонга олиб кирилаётган анор маҳсулотида Шарқ мевахўри – «Грапҳолита Молеста» ҳашароти аниқланганлиги таъкидланган. Айрим ахборот манбаларида мазкур ҳашарот «вирус» сифатида номланиб, нотўғри маълумотлар келтирилган.

Шу билан бирга, «Дўстлик» чегара назорат пунктида жорий йилнинг 12 ноябр куни Ўзбекистондан 35 тонна нок, беҳи, нўхат ва зиравор маҳсулотлар фитосанитар сертификатсиз ва махсус этикеткаларсиз юкланганлиги боис тўхтатиб қолинганлиги маълум қилинган.

Ушбу хабарлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан қуйидагилар маълум қилинади.

Авваламбор, «Дўстлик» чегара назорати пунктидан ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилиниши давом эттирилаётганлиги ва ҳеч қандай юкнинг орқага қайтарилиш ҳолатлари қайд этилмаганлигини алоҳида таъкидлаймиз.

Ҳозирги кунда, Ўзбекистон ва Қирғизистон карантин хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик муносабатлари 2019 йил 1 августда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати ўртасида ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик Битими» асосида амалга оширилади.

Халқаро амалиётга кўра, маҳсулотда зарарли карантин организмлар аниқланганда, Халқаро санитария ва фитосанитария чоралари талабларидан келиб чиқиб, импорт қилувчи давлатнинг карантин хизмати фитосанитария талаблари бузилганлиги юзасидан маҳсулотни экспорт қилган давлатга нотификация (билдиришнома) юбориши лозим.

Бироқ, шу кунга қадар ҳеч бир ҳолат юзасидан Қирғизистон карантин хизмати томонидан асослантирилган расмий нотификациялар (билдиришномалар) келиб тушмаган.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 15 ноябр куни «Ўздавкарантин» инспекциясига Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлигидан Ўзбекистондан экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 356 та ҳолатда фитосанитар сертификатларсиз олиб киришга уриниш содир этилганлиги, бундай хатти-ҳаракатларнинг 10 фоизида маҳсулотларда зарарли организмлар аниқланганлиги ҳақида хат келиб тушган. Хатда, шунингдек, бу каби ҳолатларга қарши биргаликда курашилишига ва икки давлат карантин хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайтирилишига умид билдирилган.

Ўз навбатида «Ўздавкарантин» инспекцияси мазкур масала юзасидан жавоб хати йўллаган бўлиб, унда Инспекция юқоридаги каби ҳолатларга қарши ҳамкорликда курашишга тайёр эканлиги қайд этилган ҳамда қирғиз томонидан кўрсатилган ҳолатлар юзасидан асосланган далиллар ва маълумотлар тезкорликда юборилиши сўралган.

Қирғиз томонидан жавоб хатлари олиниши биланоқ, Инспекция бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг