Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда узоқ йил яшаган сиёсий етакчи Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди

Ўзбекистонда узоқ йил яшаган сиёсий етакчи Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилди

Мустафо Жамилов сиёсий фаолияти сабаб 15 йиллик умрини қамоқда ўтказган.

Фото: AP

Қрим татарларининг етакчиси, Украина парламенти депутати Мустафо Жамилов тинчлик йўналишида Нобель мукофоти номзод қилиб кўрсатилди. М.Жамиловнинг адвокатига кўра, унинг номзоди юксак мукофотга Польша парламенти (Сейм) томонидан илгари сурилди. 

«Бугунги геосиёсий вазиятда Мустафо Жамилов тинчлик йўналишида Нобель мукофотига муносиб эканига ишончим комил. Шу сабабли мен унинг номзодини Нобель қўмитасига топширдим», – дейди мазкур ғоя ташаббускорларидан бири, Польша парламенти спикери ўринбосари Малгожата Госевская.

Польяк сиёсатчиси Қримни ноқонуний ишғол этган Россия Украинага ҳужум қилишни режалаштириб турган бир пайтда Мустафо Жамиловга нуфузли мукофотни бериш муҳим эканини урғулаган.

Госевская хонимга кўра, М.Жамилов ёшлигиданоқ зулм ва таъқиб остидаги халқи ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фидокорона курашиб келмоқда. Спикер ўринбосарининг таъкидлашича, дунё аҳли қрим татарлари бошига ёғилган кулфатлардан хабардор бўлмоғи лозим ва бу борада Мустафо Жамилов шахсияти муҳим ўрин тутади. 

Мустафо Жамилов 1943 йили Қримда туғилган. 1944 йили шўро ҳокимияти 250 мингдан зиёд қрим татарлари жамоасини ватанидан Марказий Осиё республикаларига сургун қилади. Очлик, ташналик, турли хасталиклар ҳамда она юрт фироқи сабаб уларнинг ярми йўлда вафот этади. Қрим татарларининг бир кечадан ватанидан бадарға этилиши инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири деб баҳоланади.

М.Жамилов оиласи Ўзбекистонга сургун қилинган. Шу тариқа унинг болалиги Тошкент ва Сирдарё вилоятларида кечган. М.Жамилов Гулистондаги мактабни битириб, бир муддат Тошкент авиация заводида фаолият юритган.

1969 йили маслакдошлари билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташаббус гуруҳини таъсис этган М.Жамилов аксилшўро фаолиятида айбланиб, олий ўқув юртидан ҳайдалган, етти бор маҳкамага тортилган. Умрининг жами 15 йилини қамоқда ўтказган. Таъқиб, тақиқ ва тазйиқларга қарамай, ўз халқи озодлиги йўлидаги курашни давом эттирган ва 1989 йили ватани Қримга қайтишга муваффақ бўлган. 2013 йилга қадар Қримтатар мажлисига раислик қилган. 

2014 йили Қримнинг Россия таркибига қўшил олинишига кескин қарши чиққан. 2014 йили БМТдаги норасмий анжуманда маъруза қилган М.Жамилов Қримнинг Россия таркибига ўтишига доир референдумнинг қонунийлигини савол остига олган, муайян ҳудуднинг тақдирини туб жой халқ вакиллари ҳал этишга ҳақли эканини таъкидлаган. Мазкур референдум қрим татарлари томонидан бойкот қилинганини қайд этган. 

Россия ҳуқуқ идоралари қрим татарлари етакчисига қарши турли айбловлар бўйича жиноий иш қўзғаган, унинг Қримга кириши ҳам тақиқланган.

Инсон ҳақлари курашчиси Мустафо Жамилов БМТнинг Нансен мукофоти билан тақдирланган. Бир неча бор Нобель ҳамда эркин фикр учун Сахаров мукофотига номзод ўлароқ кўрсатилган.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг