Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси амалга оширилади

Ўзбекистонда «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси амалга оширилади

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳасини амалга ошириш ва республикамизда электрон  ахборот-кутубхона  тизимини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар ахборот-кутубхона марказлари ходимлари иштирок этдилар. Унда мутахассислар учун яқинда Жанубий Корея Республикасида шу соҳа бўйича малака ошириб қайтган кутубхоначилар ҳамда хорижлик мутахассислар электрон турдаги ахборот-кутубхона ресурсларини кўпайтириш ва улардан интернет тармоғи орқали фойдаланиш бўйича зарур тавсияларини бердилар.

Тадбирда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Тангриев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосариУ.Тешабаева ва Миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳа менежери Томас Ким сўзга чиқдилар.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиҳасини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад — ахборот-кутубхона тизимини янада ривожлантириш, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш сифатини юксалтириш эканини алоҳида қайд этди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ядро физикаси институтида олимлар билан бўлган учрашувда илм-фанни ривожлантириш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, мамлакатнинг тараққий эттиришнинг муҳим йўналишларидан биридир дея алоҳида таъкидладилар. Бу ўта долзарб ва муҳим масала юзасидан мутасадди ташкилотларга, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига зарур топшириқларни бердилар. Албатта ҳар қандай илм-фан ривожланишида китобнинг, китобга маскан бўлган кутубхонанинг ўрни беқиёс. Олимларнинг илмий изланишлар олиб бориши, зарур ахборот ва маълумотлар олиши учун бугунги замонавий кутубхоналарда барча шароитлар муҳайё этилган бўлиши керак.

Жанубий Корея тажрибаси асосида ташкил этилаётган миллий электрон кутубхона мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришда олимларга уларнинг тадқиқотлар олиб боришида энг яқин ёрдамчи бўлиши зарур. Айниқса, улар учун ташкил этиладиган махсус бўлим дунёдаги етакчи илмий кутубхоналар билан тўғридан-тўғри боғланиш, зарур манбалардан тўсиқсиз фойдаланиш имконини бериш керак», — деб таъкидлади Лазиз Тангриев.

Шунингдек давра суҳбатида ўз маърузаси билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева сўзга чиқиб, «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳасини техник жиҳатдан таъминлаш ишлари Корея Республикасининг «LG CNS» компаниясига топширилганлиги, лойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида  «Рақамлаштириш ва сканерлаш», «Мультимедиа» марказлари ташкил этилаётганлиги, бугунги кунда зарур техник жиҳозларни олиб келиш ва жойлаштириш билан боғлиқ  ишлар ўз якунига етаётганлиги ҳақида гапириб ўтди.

Халқаро семинар-тренингда иштирок этишдан кўзланган яна бир устувор мақсад «Миллий умумтаълим электрон кутубхона» лойиҳаси тизимини яратиш стратегияси, маълумотлар базасидан фойдаланиш имкониятлари, лойиҳа дизайни ва илғор тажрибаларни ўрганиш, Жанубий Корея Республикасининг кутубхоначилигига доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси билан яқиндан танишиб, илғор намуналарни мамлакатимиз кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш жараёнида қўллаш ва китобхоналарга хизмат кўрсатишнинг замонавий усулларини жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Миллий умумтаълим электрон кутубхона лойиха менеджери Томас Ким ҳисобот маърузаси билан қатнашиб, мазкур лойиҳанинг моҳияти ва аҳамияти, бугунги кунда лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг