Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилганми? Нурмат Отабеков жавоб берди

Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилганми? Нурмат Отабеков жавоб берди

Фото: Xabar.uz

ССВ ўтказган матбуот анжуманида шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида тарқалаётган маймун чечаги инфекцияси хусусида келиб тушган саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Нурмат Отабеков қуйидагича жавоб берди:

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маъуломотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган, — дейди у. —Хусусан, инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани айтиляпти. Қолаверса, қарийб 30 киши касалликка чалинганликда гумонланмоқда. Қолаверса, шу кунгача ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмади. Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз.

Аслида, бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конго Демократик Республикасида аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.

Биздаги маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин.

Дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 май санасидан бошланди. Шу куни Буюк Британияга Нигериядан қайтган сайёҳда мазкур инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани маълум бўлди.

Кейинроқ АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Франция, Италия, Швеция, Бельгия, Нидерландия, Греция, Австралия, Исроил ва Швейцарияда ҳам хасталик тарқала бошлагани ҳақида хабар топдик.

Таҳлилларга кўра, касаллик одатда енгил кечяпти ва беморларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ичида тузалиб кетмоқда.

Шунга қарамай, ҳозир ЖССТ маймун инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун дунё мамлакатларини профилактик чораларни кучайтиришга чақирмоқда.

Хўш, бу касалликдан қандай ҳимояланиш мумкин?

Мутахассислар фикрича, айнан маймун чечагига қарши эмлаш препаратлари мавжуд бўлмаса-да, бир қатор мамлакатлар оддий чечакка қарши вакциналар орқали бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Чунки икки вирус бир-бирига ўхшаш ва шу туфайли бундай вакциналар маймун чечагининг олдини олишда тахминан 85 фоизга самара бериши кутиляпти.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг