Ўзбекистон халқ рассоми Ортиқ Файзуллаев вафот этди
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий аъзоси, ёғоч ўймакор уста Ортиқ Файзуллаев 90 ёшда вафот этди.
Ёғоч ўймакор уста Ортиқ Файзуллаев тўқсон йиллик ҳаётининг етмиш йилини юртимиз анъанавий ёғоч ўймакорлиги санъати равнақига сарфлади.
Ижодий фаолияти давомида яратган санъат асарлари билан кўплаб бадиий кўргазмаларда қатнашди. Бир қанча аҳамиятга молик биноларни бадиий безашда иштирок этди. Шу давр ичида 200 нафарга яқин ёш ҳунармандларга устозлик қилиб, уларни ўз касбининг етук ва моҳир усталари қилиб етиштирган устоз-мураббий саналади. Ижодкор шогирдларининг кўпчилиги давлатимиз мукофоти ва унвонлари билан тақдирланган.
Пойтахтимизда гўзал меъморий бинослар сирасига кирадиган, ички ва ташқи безаклари миллийлиги билан ўзига хос гўзалликга эга «Ўзбекистон» Халқаро анжуманлар саройидаги «Баҳор қуёши» номли 6 та миллий ўймакор эшиклар тўплами яратилишида Ортиқ Файзуллаев бош-қош бўлиб, ўзидан муҳташам мерос қолдирди.
Ортиқ Файзуллаев ёғоч ўймакорлиги анъаналарини давом эттириб, янги оҳанглар билан бойитди, кўплаб жамоат биноларини ёғоч ўймакорлиги билан безади.
Xabar.uz жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter