Ўзбекистон ва Тожикистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га федерациянинг матбуот хизмати хабар берди
Бу келишувни имзолаш учун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарлари ва ходимлари таркибидаги делегация яқинда Сурхондарё вилоятида қўшни давлатга ўтиш учун очилган чегара орқали Тожикистон Республикасига ташриф буюрди.
Учрашув доирасида томонлар иш тажрибалари ва услублари билан ўртоқлашишди, бошқа долзарб масалаларни кўтаришди, шунингдек икки фаолияти бир-бирига яқин ташкилот ўз ишлари тақдимотини ўтказишди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласининг муҳимлигига тўхталиб, чет давлатлардаги ҳамкасблар билан ҳамкорлик бу йўналишдаги ишлар имкониятларининг кенгайишига, амалиётга фаолиятнинг инновацион усулларини тадбиқ қилишга хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек бугунги кунда федерация томонидан турли давлатларнинг ўнлаб шунга ўхшаш ташкилотлари билан кенг шериклик алоқалари ўрнатилганлиги ҳақида маълумот берилди. Яқин ҳамкорлик натижасида турли хил лойиҳалар ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда, амалий услубий фаолият такомиллашмоқда, доимий тажриба алмашув ва ходимларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилган.
Учрашув давомида сўзга чиққан Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи ижрочи директори Илхом Обидов ўзбекистонлик ҳамкорларни тожик ерида кутиб олишдан бахтиёр эканини таъкидлади, истемолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласидаги барча йўналишлар бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлигини айтиб ўтди.
Томонлар олдиндан ҳамкор ташкилотлар фаолиятига доир ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларни чуқур ўрганиб чиқишди. Мутахассислар юзага келган саволларга жавобларни учрашув давомида олишди. Учрашувда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва Тожикистон истеъмолчилар иттифоқи ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат келгусидаги хамкорликнинг ривожланиши, биргаликдаги лойиҳалар ишлаб чиқилиши, симпозиумлар ва илмий анжуманлар ташкил қилиниши, икки давлат мутахассислари малакасини ошириш мақсадидаги экспертлар алмашинувини кўзда тутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter