Меҳмонхоналар уюшмаси ҳамкорларининг бизнес нонуштаси ўтказилди
24 декабр куни Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси ҳамкорларининг бизнес-нонуштаси ташкил этилди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси ташаббуси билан 2022 йил якунларини сарҳисоб қилиш мақсадида ўтказилади. Шунингдек, тадбирда уюшма фаолияти ва келгуси йил режалари ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирни Бош вазир ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Aзиз Aбдуҳакимов очиб берди.
“2022 йил ноябр ойи ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 113 570 ўринли 4879 та жойлаштириш воситаси фаолият кўрсатмоқда. Шундан 939 таси меҳмонхона бўлиб, 55 471 кишига мўлжалланган. Шунингдек, 27 836 ўринга эга 3180 та оилавий меҳмон уйи, 18 761 ўринли 556 та ҳостел меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда, — деди Aзиз Aбдуҳакимов. — 2022 йилда Ўзбекистонга хорижий мамлакатлардан 4 млн 700 нафар сайёҳ ташриф буюрган. 2023 йилда хорижий сайёҳлар сонини - 7 миллионга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 12 миллион нафарга етказиш режалаштирилган”.
Тадбирда Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси раиси Фарангиз Aбдуллаева ҳам сўзга чиқди. У юртимизда жойлаштириш воситаларини амалдаги ягона давлат стандартларига мослаштириш, хизмат сифатини янада яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Тадбир давомида ҳамкорлар меҳмонхона соҳасида фойдали бўлиши мумкин бўлган лойиҳаларини тақдим этдилар.
Қолаверса, ҳар бир иштирокчи музокаралар ва мунозара ўтказиш, тажрибали соҳа мутахассислари билан танишиш, шунингдек, “Энг яхши нонушта” номинацияси доирасида мазали нонушта қилиш имконига эга бўлишди.
Маълумот учун, 2022 йил якунига кўра, Тошкент шаҳрида меҳмонхона хизматлари соҳасида "Hilton Worldwide", "InterContinental Hotel Groups", "Hyatt Hotels Corporation", "Accor Hotel Group", "Marriott International", "Radisson Hotel Group", "Reikartz Hotel Group", "Azimut Hotels", "Wyndham Hotel Group", "Lotte Hotels&Resorts", "ATEKA Hotels" каби халқаро брендлар фаолият юритмоқда.
2022-йилда "Reikartz" Aндижон, Бухоро, Қўқон, Самарқанд, Тошкент, Урганч ва Термиз шаҳарларида 9 та меҳмонхона очиб, Ўзбекистондаги энг йирик меҳмонхоналар тармоғига айланди.
“Accor” халқаро француз бренди ҳам 2022 йилда ўзини фаол намоён этиб, Тошкентда "Mercurе" меҳмонхонасини ишга туширди. Шу билан бирга, Бухоро ва Самарқандда меҳмонларни қабул қилишга тайёргарлик қилмоқда. 2025 йилда эса Хивада ушбу тармоқ меҳмонхонасини ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, 2022 йилда Самарқандда кўп профилли "Silk Road Samarkand" туристик комплекси ўз фаолиятини бошлади. 260 гектар майдонда жойлашган мажмуа жаҳонга машҳур меҳмонхоналарни ўз ичига олган.
Триллиант комплексига кирувчи InterContinental меҳмонхонаси 2023 йилда фаолият бошлаш учун сўнгги босқич ишларини амалга оширмоқда. Бу Ўзбекистондаги биринчи LEED GOLD (бутун дунёда қўлланувчи “яшил” биноларни сертификатлаш дастури) сертификатига ега лойиҳа бўлишини алоҳида таъкидлаш зарур.
Бу ишларнинг бари Ўзбекистонда меҳмонхоналар саноатининг барқарор ва тўхтовсиз ўсишига йўналтирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter