Ўзбекистон Адлия вазири ШҲТга аъзо давлатлар вазирларига маъруза ўқиди
Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов жорий йилнинг 24 август куни Қирғизистоннинг Чўпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг олтинчи мажлисида иштирок этди.
Мажлис Қирғизистон Республикаси адлия вазири вазифасини бажарувчи Максатбек Есеналиев раислигида бўлиб ўтди.
Мажлис ишида, шунингдек, Ҳиндистон Республикаси ҳуқуқ ва адлия вазири ўринбосари С.Чандра, Қозоғистон адлия вазири М.Бекетаев, Хитой Халқ Республикаси адлия вазири ўринбосари Юань Шухунг, Покистон Ислом Республикасининг Қозоғистондаги элчиси Имтияз Аҳмад Кази, Россия адлия вазири А. Коновалов ва Тожикистон адлия вазири Р.Шоҳмурод ҳам қатнашди.
Тадбирда кузатувчилар сифатида Афғонистон адлия вазири Абдул Басир Анвар, Беларусь адлия вазири О.Слижевский, Эрон адлия вазири С.Авайи, Мўғулистон адлия ва ички ишлар вазири Н.Цэнд қатнашди.
Мажлисда Р.Давлетов ўз маърузасида яқинда қабул қилинган Президент фармони асосида Ўзбекистон Адлия вазирлиги фаолияти тубдан ислоҳ қилинаётгани, унда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда алоҳида ўрин берилгани ҳақида маълумот берди.
Хусусан, у адлия тарихида илк бор туман (шаҳар) бўлинмалари, Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги таркибий бўлинмалари ҳамда Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилганини қайд этди.
Мажлис якунлари бўйича адлия вазирлари томонидан ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш Стратегиясига мувофиқ адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни кўзда тутувчи Қўшма баёнот имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter