Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи ҳақида китоб чиқарилди
«Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан таниқли археолог, Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги Аҳмадали Асқаровнинг рус тилида «История происхождения узбекского народа» – «Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи» номли китобини нашрдан чиқарилди. Бу ҳақда «ЎзА» хабар бермоқда.
Тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон фанлар академиясининг академиги, археолог Аҳмадли Асқаров Наманган вилоятининг Норин туманида деҳқон оиласида туғилган. Олим Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофотининг совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби. 450 дан ортиқ илмий ва илмий-оммабоп ишлар, 17 монография, дарслик ва ўқув қўлланмалари муаллифи. Шулардан 50 дан кўпроғи инглиз, француз, немис, япон, хитой тилларида ва 200 га яқини рус тилида чоп этилган. Машҳур ўзбек тарихчи олими Яҳё Ғуломовнинг археология соҳасидаги илмий мактабининг изчил давомчиси.
Асарда ўзбек халқининг келиб чиқиши, аввал элат, кейин халқ ва миллат бўлиб шаклланиш жараёни, ўзбек миллий менталитети ва ўзига хос хусусиятлари тадқиқ қилинган, бой моддий, маданият ва ёзма манбааларнинг чуқур илмий таҳлили берилган.
Бу монография ўзбек халқининг 4 минг йиллик тарихини қамраб олган. Олим ва мутахассисларнинг таъкидлаши-ча мазкур тадқиқот сўнгги йилларда Ўзбекистон тарихи бўйича яратилган энг мукаммал асарлар қаторидан ўрин олган.
Китоб олимнинг сўнгги 40 йиллик археологик изланишлари, топилмалари ва уларнинг таҳлили, илмий-ижодий меҳнатининг маҳсулидир. Монографияда ўзбек халқи ва унинг давлатчилигига доир қатор муаммоли масалалар кўтарилиб, бирламчи манбаларга асосланган холда янги ғоялар ўртага ташланади. Муаллиф ўз қарашларини дадил баён этади, тарих халқлар ўртасида миллий низолар чиқаришга эмас, балки жамиятнинг муштарак ривожланишига хизмат этиши керак, деган ғояни олға сурилади.
Асар мутахассислар томонидан инглиз ва бошқа хорижий тилларга таржима қилиниши тавсия этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter