Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек ва Турк ҳарбийларининг махсус-тактик ўқув машғулоти бошланди

Ўзбек ва Турк ҳарбийларининг махсус-тактик ўқув машғулоти бошланди

Фото: «Uza.uz»

Бугун Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ Жанубий оператив қўмондонлиги Термиз дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Туркия Республикалари Мудофаа вазирларининг икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ икки мамлакат Қуролли Кучларининг махсус бўлинмалари ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқувининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, полковник Лазизжон Усмонов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Пўлатжон Сативалдиев ва Туркия Республикаси махсус операция кучлари бригадаси командирининг ўринбосари, полковник Рушту Тўреди ва икки давлат ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Тантанали маросимда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари, дўстлик ришталари янги босқичда ривожланаётгани таъкидланди.

Ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари олдидан саф майдонида Термиз гарнизони ҳарбий оркестри садолари остида икки давлат ҳарбий хизматчилари саф тортиб ўтди.

Дала-ўқув майдонида давом этган ўқувларда ҳарбий хизматчилар тажриба алмашиш учун кўргазмали машғулотлар, жумладан, 15 километр мажмуавий махсус-тактик йўлагидан ўтиш, жанговар иккилик, учлик ва тўртлик таркибида яқин жанг элементлари бўйича кўргазмали амалий махсус ўқ отиш ва қийин шароитларда яшовчанлик ҳолатлари бўйича амалий машғулотларга жалб этилди.

Иштирокчилар полигонда махсус-тактик ўқув саволлари бўйича амалий машғулотлар олиб борди. Ўзбек ва Турк ҳарбийлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.

Хабарда ёзилишича, ҳамкорликдаги махсус-тактик ўқув машғулотлари 27 мартга қадар давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг