Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўткир журналистларга амал берилиб «овози ўчирилганди». Турсунали Акбаров кечаги ва бугунги журналистика ҳақида (видео)

Ўткир журналистларга амал берилиб «овози ўчирилганди». Турсунали Акбаров кечаги ва бугунги журналистика ҳақида (видео)

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали ҳуқуқ ва мурожаатлар бўлими муҳаррири, «Йилнинг энг фаол журналисти – 2020» республика танлови ғолиби Турсунали Акбаров ҳали фельетон жанри матбуот юзини тарк этмаган ва цензура «тиғи» ўткир бўлган даврлар ҳақидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

— Ўша вақтларда Конституцияда цензурага йўл қўйилмаслиги расман, келтириб ўтилган бўлса-да, цензура бор эди. «Матбуотчилар уйи»нинг учинчи қаватида «ЛИД» деб аталган бўлим бўлган. Бу расман давлат сирларини сақлаш инспекцияси эди. Аммо, амалда цензура вазифасини ўтаган, – дея хотирлайди журналист. – Ана шу идоранинг муҳри босилмаса, нашриётлар газетани қабул қилмаган. Журналистлар бир мақола ёзишдан аввал, «буни цензура ўтказармикан», деган хавотир билан кун ўтказишган. Журналистлар цензуранинг чиғириғидан ўтавериб, ўз фикрини айтиш учун турли услублардан фойдаланган. Бу нарса хоҳлайсизми, йўқми журналистларнинг қаламини чархлаган. Чунки матн устида қаттиқ ишланарди. Мисол учун, ўша вақтдаги «Адабиёт ва санъат» газетаси маданият ва санъатга ихтисослашган нашр бўлишига қарамай, анча жиддий ижтимоий мавзуларни ҳам кўтариб чиққан эди. Ҳозир эса, журналистларимизда матн анча саёз.

Журналистнинг айтишича, 1990 — 2000 йилларда журналистлар ҳимояси анча суст бўлган. Уларга туҳмат уюштириш, машиналарга наркотик ташлаб қўйиш каби ҳодисалар бўлган. Ўша вақтларда туман ҳокими ёки туман даражасидаги ҳуқуқ органлари раҳбарларини ҳам танқид қилиш катта иш эди. Аммо, танқид қилинган амалдорга нисбатан, албатта, чора кўриларди.

Ўзбекистон мустақиллигининг илк ўн йиллигида ўзбек журналистикаси ўзига хос даврни босиб ўтди. Унда қалами чархланган, ҳар бир сўзнинг катта масъулиятини ҳис эта олган журналистлар мактаби вужудга келди. Турсунали Акбаров ўз интервьюсида бугун йўқолиб улгурган жанрлар, маҳорат мактаблари, цензура ва туҳматга қолган журналистлар ҳамда 1990 — 1999 йиллардаги танқиднинг кучи ҳақида ҳам сўз юритди.

Турсунали Акбаров мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мустақил газетаси «Ҳуррият»нинг дастлабки даврларида фаолият олиб борган журналистлардан бири. У ўша «Ҳуррият»ни ҳам ёдга олади.

Қуйидаги видеода суҳбатни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг