Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Отасига оғир жароҳат етказган ўғилнинг ўзи шифохонага тушди

Отасига оғир жароҳат етказган ўғилнинг ўзи шифохонага тушди

Фото: Xabar.uz

Бухорода ўзаро жанжал оқибатида отасини пичоқлаб қўйган 24 ёшли Р.Б. Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар клиник шифохонасига ётқизилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га жиноят ишлари  бўйича Ғиждувон тумани суди раиси Бобир Умаров маълум қилди.

Ғиждувон тумани «Барака» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Янгиер қишлоғида яшаб келаётган ота-ўғил ўртасидаги ўзаро шахсий келишмовчилик жанжалга айланган.  Жанжал пичоқкашлик билан якунланган.

Билдирилишича, туғма ақли заиф бўлган Р.Б. болалигидан Ғиждувон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси психиатр хонасида «д» назоратида туриб даволаниб келаётган бўлган. Ким қандай иш буюрса, бажариб кетаверадиган Р.Б. улғайган бўлса-да, худди болалардек ҳатти-ҳаракатда бўлган.

«Ўғлимни айбламайман. Аммо, айрим қўншниларнинг унинг хаста, заифлигидан фойдаланиб, мендан бир оғиз сўрамай, жисмоний меҳнат қилдиришлари кўнглимни оғритарди. Бир куни ўзим ишдан чарчаб қайтсам, айни тушлик вақтида қўшниларимдан бири ўғлимни чақириб, мол-ҳолига қараттирган, ишлатган экан»,-дейди Р.Б.нинг отаси И.О.

Ҳолатга кўра, ўғлининг чарчоқ ҳолда қайтганини кўрган ва ачинган. Жаҳл устида: «Нима учун қўшниларнинг уйига бориб ишлаяпсан, сен етиммисан, уларнинг ишини қиласан?»-деган ор устида ота. Ақлан заиф ўғил отасининг танбеҳини ҳақорат, деб тушунган ва у билан жанжаллаша бошлаган. Жанжал вақтида яшаш хонасидаги стол устида турган ошхона пичоғи билан отасининг кўкрак соҳасига бир маротаба қасддан зарб билан урган. Ҳодисани кўриб турган И.О.нинг қизи Г.Б.  қўрқиб кетган ва бақириб юборган. Синглисининг овозини эшитган Ғ.О. тезда етиб келган ва ҳолатни кўраб, зудлик билан «Тез ёрдам» машинасини чақирган.

«Шундай пайтда ҳам укам Р.нинг ўзи ҳам қўрқиб, қотиб қолган эди. У бир бурчакда қалтираб, титраб ўтирарди, холос.  Отамни касалхонага олиб кетдик, укамни эса ички ишлар ходимлари олиб кетишди»,-дейди Ғ.О.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, ўғил отасига кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғини тешиб кирувчи жароҳат гемопневмотораск (ҳаво ва қон тўпланиши) ўпка VII-сигменти жароҳати, диафрагма жароҳати ва ошқозонни тешиб кирувчи, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказган.

Иш юзасидан Р.Б.нинг саломатлиги қайта ўрганилиб, амбулатор судга оид руҳий экспертиза ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 18-моддаси ҳамда 93-моддаси 1-қисмининг «в» бандига асосланиб, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган. Ушбу хулосага кўра, айбдор зудлик билан Тошкент Республика кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар клиник шифохонасида мажбурий даволанишга жўнатилган. Ажримни ижроси Бухоро вилоят 4-сон тергов ҳибсхонаси зиммасига юклатилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг