«Отамдан айланай, отамдан!»
Тирикчилигининг тайини бўлмаган, сўрасангиз «иш йўқ, ўқимаганман-да, нима қилай?» дея жавоб берадиган айрим ёшларни кўрганда раҳматли отамнинг бола пайтимизда айтиб берган бир ҳикояси ёдимга тушади.
Қадимда бир бой ва камбағал девор-дармиён қўшни бўлиб, уларнинг бир нафардан тенгқур ўғли бор экан.
Бойнинг боласи, турган гап, отасининг топганини катта-катта еб катта бўлибди.
Камбағалнинг боласи отасининг қаватига кириб, ҳар ишда ёрдамчи бўлиб вояга етибди.
Вақти-соати етиб, бой ҳам, камбағал ҳам чин дунёга равона бўлибди.
Бойнинг боласи ота вафотидан сўнг қолган меросни елга совурибди. Ҳатто ейишга нон қолмаганидан қамиш ўришга ёлланишга мажбур бўлибди.
Иттифоқо, камбағалнинг боласи қамишзордан ўтаётиб, қўшниси ва тенгқури бўлмиш бойвуччанинг қамиш ўраётгани устидан чиқибди.
Бир-биридан ҳол-аҳвол сўрашибди.
Бойнинг боласи аҳволидан ҳижолат тортибди. Иложсизликдан бир боғ қамишни бир танга эвазига ўриб бераётганини айтибди. «Ҳар сермаганда ўроқ тойиб, қамиш қўлимни тилиб кетяпти. Азондан бери ўрганим аранг бир боғ бўлди», деб одам қучоғига зўрға сиғадиган қамиш уюмини кўрсатибди.
Камбағалнинг боласи унинг гапларини эшитаркан: «Қани, менга ўроқни бер-чи?» ишга тушиб кетибди.
Аввал ўроқни яхшилаб қайрабди. Сўнг ҳар ўроқ сермаганда «Қамиш ўришни ўргатган отамдан айланай, отамдан!» дебди. Ўрилган қамишларни бир тутам-бир тутам қилиб боғларкан, «нечта қамиш бир боғлам бўлишини англатиб кетган отамдан айланай, отамдан!» дебди. Ўрилган қамишларга боғлаб ясаракан, «Боғламлар қандай бўлишини уқтириб кетган отажонимдан айлана-ей!» дебди тағин...
Маълум бўлишича, бойнинг боласи қамишни қандай ўришни ҳам, қанчаси бир боғ бўлади-ю улар қандай боғланишини ҳам билмас экан. Амал-тақал қилиб ўрган бир уюм қамиши нечта боғ чиқишини билмаётганининг боиси шунда экан-да...
...Нима демоқчимиз?
Бугун Худонинг синови сабаб кўпларимиз уйдамиз. Бундан ҳикмат излайлик, азизлар! Бу кунлар ҳам ғанимат аслида. Пандемия сабаб фурсат туғилдики, ота-боболарнинг панд-насиҳатларини фарзандларга етказишнинг айни вақти ҳозир. Қадриятларимизга қайтиш, уларни фарзанд-набираларга етказиш учун бундан қулай фурсат борми?!
Боболаримизнинг ҳар сўзи ҳикмат, қилган иши эса катта ибратдир! Уларни ёш авлодга етказиш катталар зиммасидаги омонатдир.
Оталардан қоладиган чин мерос мол-мулк эмас, яхши ТАРБИЯ ҳисобланади. Чин тарбия замирида эса фарзандни ҳалол МЕҲНАТ ҚИЛИШга ўргатмоқдир. Токим, биздан кейин фарзандларимиз «отамдан айланай, отамдан!» дейдиган бўлсин.
Ота учун бундан улуғ саодат борми ўзи?!
Энди ўзимизга келсак.
...Болаликдан қўлимизга ўроқ бериб, ўт ўришни, ундан боғлиқ эшишни, сўнг қандай боғлашни, ток орасини чопишдан бошлаб, уни кесиш ва кўмишни, қўй боқиш ёки қўра тозалашми, ерга экин-текин экишми, қисқаси, МЕҲНАТ ҚИЛИШга ўргатгани учун бир падари бузкурворимдан умр миннатдорман.
Меҳнат қилишни ўргатган отамдан айланай, отамдан!
Холмўмин Ёдгоров,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter