Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимининг ўринбосари «ҳайфсан» олди
22 январь куни ижтимоий тармоқда «Ҳокимлик президент қарорига зид равишда мактабларда текширув ўтказмоқда» мавзусида мақола эълон қилинди.
Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари ташкил қилинган дейилади вазирлик матбуот котиби каналида.
Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланган:
Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Султонов Фарҳод Акромовичнинг буйруғи асосида туман молия, ДСЭНМ ва Ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, дарс машғулотига халал берган ҳолда тумандаги 6 та умумтаълим мактабларида текширув ўтказилган.
Ишчи гуруҳ аъзолари дарс машғулотларига халақит берган ҳолда ўқитувчиларнинг конспект дафтарлари, дарсга тайёрлиги, кундаликлар, мактабда ижро ва меҳнат интизомига риоя қилиниши ҳамда ўқувчиларни дарсдан ташқари машғулотларга жалб этилиш ҳолатларини текширган.
Вазирнинг назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари иштирокида жорий йилнинг 27 январь куни Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, туман ҳокимининг ўринбосари Ф.А.Султоновнинг ҳаракати муҳокама этилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимида бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида» қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 апрелдаги қарори талаблари бузилгани аниқланган.
Муҳокама якунига кўра туман ҳокимининг ўринбосари Ф.А.Султоновга умумий ўрта таълим мактаблар фаолиятига асоссиз аралашганлиги, педагог ходимларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўйганлиги учун туман ҳокими О.Нурматовнинг фармойиши билан Меҳнат Кодексининг 181-моддасига мувофиқ «ҳайфсан» эълон қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter