Орол денгизининг қарийб 400 минг гектар қуриган ҳудудига саксовул экилди
Жорий йил 18 февраль ҳолатига кўра, Орол денгизининг қуриган майдонига саксовул экиш учун 917,2 минг гектар ер майдони экишга тайёрланган. Унинг 363 минг гектарига саксовул уруғи экилган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Аввалроқ, денгизнинг қуриган ҳудудидан чучук сув топилгани маълум қилинганди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошчилигида тузилган тезкор штаб томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, тайёр уруғни идишларга жойлаштириш, экиш майдонларини тайёрлаш, экиш ва бошқа тадбирларда жами 1 минг 560 киши иштирок этган. Бу ишларга 462 техника ва 2 самолёт жалб қилинган.
Шунингдек, самолёт ёрдамида 266 минг гектар майдонга саксовул уруғи сепилган бўлса, трактор ёрдамида 96,5 минг гектар ерга экилган. Бугунги кунгача 1 минг 321 тоннадан ортиқ саксовул уруғи йиғилган. Унинг 260 минг килограммдан ортиғи маҳаллий аҳоли томонидан йиғилиб, уларга меҳнат ҳақи ўз вақтида бериб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар 4 миллиард сўмдан ортиқ пул маҳаллий уруғ йиғувчилар меҳнатига тўланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Узақберген Утамбетовнинг айтишича, саксовул уруғини куз ва қиш ойларида эккан маъқул. Чунки уруғ қиш бўйи қор, ёмғир суви остида ётади ва баҳорда ўсиб чиқиши учун яхши имконият яратилади. Экишга тайёрланган майдонларга дарҳол уруғ сепиш ёки кўчат ўтқазиш яхши самара бермайди. Чунки тупроқ шўр, экилгани билан туз ўлдириб ташлайди. Шунинг учун экиш учун қазилган ариқлар маълум бир вақт талаб қилади. У ариқларга шамол ёрдамида унумдор тупроқ келиб жойлашганидан кейин экиш мумкин. Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Денгизнинг қуриган майдонларида 40 та артезиан қудуғи қазиладиган бўлди. Чучук сув чиқяпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш имконини беради, дегани. Қатор хорижий ва маҳаллий ҳамкорларимиз саксовуллар орасига доривор гиёҳлар экиш ишларини ҳам бошламоқчи. Бу ҳам ўта истиқболли лойиҳа.
Жорий йилда денгизнинг қуриган майдонида 500 минг гектар ҳудудга саксовул экилади.
Дарҳақиқат, ушбу экологик офатдан энг кўп Мўйноқ халқи азият чекиб келмоқда. Айниқса, июль-август ойларида ниҳоятда катта чанг-тўзон ҳавога кўтарилади. Ҳимоя ўрмонлари барпо қилинса, ушбу муаммолар барҳам топади.
Айни пайтда Оролда олиб борилаётган кенг кўламли ишларда барча вилоятлардан келган ҳашарчилар фаол иштирок этмоқда. Ҳашарчилар учун шароитни яхшилаш мақсадида вагон уйлар олиб келинган. Ташкил қилинган 13 та отрядда алоқа воситалари ўрнатилган. Ишчилар вақти-вақти билан алмашиб ишламоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter