Янги вазирлик қандай ишлаяпти? Оқдарё туманидаги аянчли манзарага ким жавоб беради?
«Зарафшон» газетасининг сайтида Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги аянчли манзара ҳақида мақола эълон қилинди. Ушбу мақоланинг бир учи туман ҳокимлигига бориб тақалса, бир учи янги ташкил этилган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг жиддий муаммосига айланиб кетади. Қуйида уни шундайлигича эътиборингиза ҳавола қиламиз.
«Оқдарё тумани маркази — Лойиш шаҳарчасидаги ушбу манзилга бориб келганимдан буён у ердаги тартибсизлик кўнглимни хира қилади.
Чунки шаҳарчага кираверишда йўлнинг ўнг томонида қурилган шинам арзон уй-жойларни, ўнлаб оилаларнинг бахтиёр яшаётганини кўрганимиз учун бу ердаги манзара кўзимизга бошқача кўринди. Биров айтса, ишонмаслигимиз мумкин эди, лекин ўзимиз кўрдик, шу уйларда яшовчиларнинг дардларини эшитдик ва кўрганларимизни фотосуратга муҳрладик.
Ушбу икки қаватли уйлар ўтган асрнинг саксонинчи йилларида қурилган. Ташқи кўриниши ва ҳар бир хонадон деразаси ёки деворидан мўри, турли қувурлар чиқариб қўйилгани, ҳовлининг тартибсизлиги ичкаридаги шароит қай даражада эканини кўрсатиб турибди.
— 9-А уйга кўчиб келганимизга ўттиз йилдан ошди, — дейди З.Қодирова. – Авваллари марказлашган ичимлик суви ҳам, оқова тармоғи ҳам бор эди. Болаларимни ҳеч бир қийинчиликсиз катта қилганман. Афсуски, бугун хонадонларимиздаги шароит ҳавас қилгулик эмас. Уйларни газ печи, плита орқали иситамиз. Шунинг учун ташқарига мўри чиқарганмиз. Оқова тизими ишламаслиги сабабли ҳар бир хонадон уй ёнида ўзи учун чуқур қазиган ва оқовани шу ерга чиқаришга мажбурмиз. Ичимлик суви учун ҳам ўзимиз ҳовлида қўлбола насослар ўрнатиб олганмиз. Ҳовлидаги умумий ҳожатхонага кириб бўлмай қолгандан кейин уни ҳам ҳар ким ўзига қура бошлади.
Икки-уч йил олдин ушбу кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли томонидан ҳовлида қурилган ноқонуний бино ва иншоотлар бузилгач, бу ер ҳам бутунлай қаровсиз ҳолатда қолган. Энг ёмони, ариқлар кўмилиб кетгач, уйларнинг томидан тушадиган сув ҳовли ва йўлакларда тўпланадиган бўлган. Бу муаммонинг ечими сифатида, ҳеч бир меъёрга тўғри келмаса-да, уй ёнида катта ҳандақ қазилган. Ҳамма тарафи очиқ ва айни пайтда чиқиндихонага айланаётган бу чуқурлик шу ерда яшовчи аҳоли, айниқса, болалар саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдириши ҳисобга олинмаган.
Уй эгалари ушбу масалалар юзасидан бир неча бор туман ҳокимлиги ва бошқа идораларга мурожаат қилганликлари, лекин натижа йўқлигини айтишди. Бевосита шу кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи уй-жой мулкдорлари ширкати фаолиятидан эса аҳолининг аксарияти бехабар. Ойлик тўловлар ҳақидаги саволимизга ҳам улар ажабланиб, елка қисиб қўйишди.
— Тўловларда муаммо борлиги рост, — дейди 8-уйда яшовчи М.Пардаева. — Бунга асосий сабаб ширкат фаолиятидан бехабармиз. Йиллар давомида одамлар хонадонидаги муаммоларни ўзи ҳал этишга мажбур бўлиб қолган. Аҳоли ўз уйи, турмуши ободлиги учун ҳамма нарсага тайёр, фақат уларнинг бошини бириктириш, муаммоларга биргаликда ечим топиш лозим.
Ҳақиқатан ҳам ҳар бир инсон қулай шароитда, обод жойда яшашни истайди. Ўз уйи бўлишини хоҳлайди. Бугун Президентимиз томонидан аҳолини, айниқса, уй-жойга эҳтиёжманд кишиларни замонавий, барча қулайликларга эга тураржой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда Оқдарёдаги бу уйларда ва улар атрофида юртимиздаги ободлик, бунёдкорликка мос бўлмаган манзара юзага келишини қандай изоҳлаш мумкин?»
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter