Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Онамникига сиғмадим ва Туркияга кетишга мажбур бўлдим» (видео)

«Ёшим 36 да, Андижондаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқидим, 20 ёшимда турмушга чиққанман, лекин беш йил ўтиб турмуш ўртоғим билан ажрашдим, тўғриси қайнонам билан келиша олмадик. Эрим Россияда ишларди. «Онанг сенга тузукроқ мебел қилмаган, ўғлимга яхши кийим-кечак қилмаган», деб қайнонам мени ҳайдади. Ўғли ҳам Россиядан туриб жавобимни берди. Фарзандим билан онамникига қайтиб келдим...».

«Ишлай десам иш йўқ. Турмуш ўртоғим икки боламга алимент бермайди, Россияда уйланиб, бола-чақали бўлиб кетган. Онамникига сиғмадим, кейин Туркияга кетишга мажбур бўлдим...».

«Туркияда ишлаганимни эшитган аёллар «менгаям иш топинг, кетаман, қийналиб кетдим бу ерда, дейди. Қўлингиздан бирор иш келадими, ҳунарингиз борми, десам, ҳунарим йўғу лекин ҳар қандай ишни қилавераман, бориб олсам бўлди. Бирорта оила топиб берсангиз, чол-кампирга қарайман. Туркчани ҳам ўрганиб оламан, осон-ку тўғрими, ўзбекчага ўхшайди. Сериалларни бемалол тушунаман». Ҳатто баъзилари «жуда бўлмаса ўша чолга тегиб ҳам олавераман», ҳам дейди. Улар Туркиядаги 700-800 доллар пулни топиш қанчалик машаққатли эканини билишмайди. Қанчадан-қанча аёлларимиз ўша ерда вафот этди. Қанчаси кўпроқ пул топаман деб ширкатлар топиб берган кунлик уй тозалашларга бориб, турк эркаклари томонидан зўравонликларга учради...».

Туркияга келиб, мигрант аёллар ҳаёти билан қизиқсангиз, бу каби ҳикояларни эшитаверасиз-эшитаверасиз. Уларнинг кўнгилларини кўтариш, бир оғиз ширин сўз айтишдан бошқа чорангиз бўлмайди.

Юртда қолган ҳамюртларимиз эса афсуски хорижда меҳнат қилиб оиласи, фарзандларини оёққа қўяётган, қўйишга жон-дили билан ҳаракат қилаётган бу мушфиқ аёлларга тасалли бериш ўрнига, уларни қоралашдан нарига ўтолмаяпти.

Маълумот учун: статистика бугунги кунда Туркияда 78 минг ўзбекистонлик мигрантлар борлигини кўрсатади, аммо норасмий маълумотларда улар сони бу рақамдан ўн бараварга ортиқ бўлиши мумкин. Биргина Тошкентдан Истанбулга ҳафтада 50дан зиёд авиарейс мавжудлиги фикримизнинг далилидир. Ўзбекистонликлар Туркия давлатида 90 кунгача визасиз қолиши мумкинлигини ҳисобга олсак, у ерга сайёҳ сифатида бориб, 3 ой ишлаб қайтаётганлар сон-саноқсиз, кўпчилик эса яхши пул топаётганларига қизиқиб, визаси тугаса ҳам қонунсиз қолиб кетяпти.

Бугунги кунда Туркия қонунчилиги мигрантлар масаласида қатъий қарорлар қабул қилди. Унга кўра, турк ҳукумати энг аввало, бу ердаги иш берувчиларга қаттиқ талабларни қўйдики, эндиликда улар хорижликларни ҳужжатсиз, рухсатномасиз ишлатгани учун катта жарималар тўлашга мажбур бўлади. Узоқ йиллардан бери тартибга солинмаган миграция масаласи сўнгги бир йил ичида аниқ ечимга эга бўлди.

Мигрантлар эндиликда Туркияга бориб ишлай оладими? Албатта, сиз Ўзбекистонда туриб, ишчи виза олишингиз ёки Туркияга боргач, иш берувчи билан шартнома тузиб, унга кўра ишлашингиз мумкин. Қонуний 3 ойлик муддат ичида иш берувчи сизга давлатдан яшаш ва ишлаш визаларини олиб беради. Аввалига 6 ойлик ва сўнгра ишингизга кўра визангиз чўзиб борилади.

Хўш, миграция қонунларининг мигрантлар учун қандай фойдаси бор?

Эндиликда сиз Туркияда қонунсиз қолиб, кўча-кўйда полициядан ҳадиксираб юриш, ишлаган жойидан ойларча ташқарига чиқмасдан яшаш ортидан уй эгаларининг ҳукми остида қолиш каби мажбуриятлардан қутуласиз, бегона мамлакатда эмин-эркин яшай оласиз.

Бу қоидаларга амал қилиш – бошқалар кўз олдида «мушфиқ мигрант» қиёфасида эмас, ўз меҳнати ва ҳалол ризқ билан пул топаётган ватандош тимсолида қоласиз.

Қуйидаги видеолавҳа орқали биз Туркияда қонунсиз ишлаб, қийинчиликларга учраган ва шу тариқа ўзига бўлган ишончини йўқотган қаҳрамонларимиз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилдик. Умид қиламизки, буларнинг барчасидан тўғри хулоса чиқара оласиз.

Сабоҳат Раҳмон, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг