Олий суд раиси ўринбосари: «Босаверинглар, даъво қилиш йўқ!»
Ажабланяпсиз-а: фуқаролар нимагадир даъво қилса, судга келади. Суднинг ўзи (яна денг Олий суд раисининг ўринбосари тимсолида!) нимага даъво қилиши мумкинки, ундан воз кечаётганини баралла айтса?!
Изоҳ берамиз: яқинда Олий суд бешта оммабоп ва ҳаммабоп қўлланма нашр этди. Қўлланмаларки, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар жараёнида келиб чиқаётган энг кўп низоларга оид бўлиб, бу борадаги ҳуқуқий тартиблар «чайнаб оғизга солиб қўйилган». Қўлланмалар билан танишган одам мерос, меҳнат ва оилавий низолар, ерга бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши (ёки бекор бўлиши), шунингдек, судга мурожаат қилиш тартиби бўйича яхшигина тасаввурга эга бўлади. Қунт билан ўқиган-ку, ҳатто адвокатга эҳтиёж сезмаслиги мумкин. Айни хайрли иш бошида турган Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров мазкур ҳуқуқий қўлланмалар тақдимотида ОАВ ходимларини уларни иложи борича кўпроқ тарғиб этишга чақириб, (қўлланмадан ўз нашрингизда) қулоч-қулоч кўчириб боссанглар ҳам майли, илло, муаллифлик ҳуқуқи масаласида даъво қилмаймиз, деганининг боиси шу.
Албатта, бу гапда ҳазил оҳанги устуворроқ, бироқ гапнинг пўсткалласиям шу, аслида: ҳуқуқий саводхонлик — фақат қонунларни билишдан иборат эмас. Балки уларга амал қилиш, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳам ҳуқуқий маданиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Қолаверса, аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш суд-ҳуқуқ соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги судга мурожаатлари доимий ортиб бораётгани маълум. Бу жараёнда эса оммабоп ҳуқуқий қўлланмаларга эҳтиёж ортиши табиий.
Қўлланмалар айни эҳтиёждан келиб чиқиб, кейинги бир ярим йил давомида фуқаролик судларида кўрилган ишлар ва келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижасида тайёрланган.
Қўлланмалар билан танишамиз.
1. «Судга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби».
РАҚАМ. 2019 йилда жисмоний ва юридик шахслардан бевосита Олий суднинг ўзига 57.766 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 35.122 таси суд қарорларига нисбатан назорат тартибида (15.240 таси жиноят ишлари бўйича, 13.531 таси фуқаролик ишлари бўйича, 4.139 таси маъмурий ишлар бўйича, 2.212 таси иқтисодий ишлар бўйича ) келтирилган шикоятларни ташкил этади, 22.644 таси умумий мазмундаги аризалардан иборат. Электрон қабулхоналар орқали келиб тушган 58.129 та мурожаатнинг 52.231 тасига ёки 89,8 фоизи бўйича турли мазмундаги ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Эътиборлиси, назорат тартибида келиб тушаётган шикоятлар кейинги йилларда кескин кўпайган (2016 йилда — 23.373 та, 2018 йилда — 29.318 та, 2019 йилда — 35.122 та).
КЎРИНАДИКИ, мурожаатларнинг салмоқли қисмига «ҳуқуқий тушунтириш»лар берилаётир. «Ҳуқуқий тушунтириш» нима ўзи? Содда тушунтиришга ҳаракат қилсак, бу — судга шикоят йўллабсиз, яхши, аммо бунинг ўз тартиб-қоидаси бор, унга риоя этиш шарт, акс ҳолда, вақтингиз зое кетади, деганидир. Ҳуқуқий тушунтиришлар беришга мажбур бўлинаётган мурожаатларнинг кўрплиги эса аксарият юртдошларимиз судга даъво киритииш тартиби, ҳужжатларни расмийлаштиришга оид қонун талабларини, шунингдек суд жараёнларида ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш қоидаларини яхши билмаслигини англатади. Тартибни билмаслик ҳеч қандай имтиёз бермаслиги инобатга олинса, бу ортиқча оворагарчиликдан бошқа эмас.
ШУНГА КЎРА, барча судларга мурожаат қилиш ҳамда суд хужжатлари устидан шикоят бериш тартиби батафсил тушунтирилган «Судга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби» номли қўлланма тайёрланди. Шунингдек, қўлланмада, суд буйруғи ва даъво тартибида иш юритиш, суд ҳужжатлари устидан ариза, шикоят бериш ва ва муддатлари борасида тушунтиришлар берилган.
Бундан ташқари, қўлланмада суд ҳаражатлари, уларнинг миқдори ҳақида тушунчалар содда услубда тушунарли баён қилинади.
Керакли қўлланма эканми? Балли.
2. «Оила — муқаддас даргоҳ»
РАҚАМ. 2019 йилда аввалги йилга нисбатан никоҳни бекор қилишга оид ишлар 1394 тага камайди. Бу яхши, албатта. Бироқ умумий манзара барибир хавотирли. Ўтган йили судлар томонидан жами 35 045 та никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво аризалар кўриб чиқилиб, шундан 22.187 таси (59,8 фоиз) қаноатлантирилган, 12 119 таси рад қилинган ва 1 538 таси эр-хотин ярашганлиги муносабати билан ишлар тугатилган.
ҲОЛАТ. Никоҳ бекор қилиниши билан собиққа айланган эр-хотин ўртасидаги низолар тамоман барҳам топса, қани?! Фарзандлар таъминоти, мулк тақсимоти, уй-жой можаролари... булар озмунча муаммо келтириб чиқарадими?! Таҳлиллар кўрсатяптики, оила бузилишига сабаб бўлаётган омиллар кўпинча маиший муаммоларга бориб тақалади. Шунингдек, томонлар ўз ҳаққини талаб қилиб, мажбуриятига келганда панжа орасидан қараши эса дард устига чипқон бўлаётгани ҳам бор гап. Никоҳни шартта бекор қилворишдан осони йўқ. Бироқ бу билан нима ўзгаради? Аксинча, муаммо устига муаммо туғилмайдими?
ОЛИЙ СУД ташаббуси асосида «Дилшоҳ медиа» киностудияси томонидан «Фарзанд – омонат» ва «Ота» номли қисқа метражли фильмлар олинганидан хабарингиз бор. Оила бузилишининг аянчли оқибатлари акс этган мазкур фильмлар жойларда ўтказилган оммавий қабуллар, очиқ мулоқотларда намойиш этилди. Натижада, 610 нафар фарзанди бўлган 511 та оилалар яраштирилди, меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган (ота-онаси бор!) 400 дан зиёд болалар оиласига қайтарилди.
«Оила муқаддас даргоҳ» рисоласи бу борадаги ишларнинг изчил давоми ўлароқ юзага келди. Оила қонунчилиги нормалари ва миллий қадриятларни мужассам этган ушбу қўлланмада никоҳ тушунчаси, никоҳни қайд этиш, никоҳ шартномаси, болаларнинг мулкий ҳуқуқлари, ота-онанинг фарзандлари олидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар берилади. Шунингдек, боладан алоҳида яшаётган ота-оналардан ташқари бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар ҳуқуқлари, вояга етмаган болаларнинг таъминот олиш ҳуқуқи, миқдори, эр-хотиннинг мулк ҳуқуқи, никоҳ шартномаси намунаси ҳамда оила ҳақидаги ҳикматлар жой олган.
Ўқинг, манфаат топсангиз, биз хурсанд!
3. «Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида»
ҲАҚИҚАТ. Мерос мулки билан боғлиқ низоларда томонларнинг бегонаси бўлмайди. Бундай низолар асосан яқин қариндошлар (ака-ука, опа-сингиллар) ўртасида юзага келади. Суд минг қонуний қарор чиқармасин, улар ўртасидаги қариндошлик ришталарига путур етиши аниқ. Зеро, қароридан ҳар икки томондан бирдай хурсанд бўлмайди. Акс ҳолда, судгача масалани ўзаро ҳал қилишган бўлмасмиди?!
РАҚАМ. Мерос билан боғлиқ низолар 2019 йилда аввалги йилга нисбатан 224 тага камайган. Ўтган йили судлар томонидан шу мазмундаги жами 1428 та даъво аризалар кўриб чиқилиб, шундан 860 (60,2 фоиз) қаноатлантирилган, 243 таси рад қилинган ва 137 таси тарафлар ярашганлиги ва бошқа сабабларга кўра тугатилган.
МЕРОС низолари келиб чиқиши сабаблари маълум: асосан ворисларнинг амалдаги қонун нормаларини билмайди, бирининг ҳуқуқини иккинчиси тан олмайди... Мулк соҳиби васиятнома қолдирилмагани ҳам кўплаб низо келиб чиқиши сабаб бўлаётгани ҳам бор гап.
«Ворислик ҳуқуқи қонун ҳимоясида» қўлланмада ворислик ҳуқуқи билан боғлиқ умумий ҳамда ҳаётда кўп учрайдиган 50 та саволга жавоб берилган. Шунингдек, унда меросни қабул қилиш билан боғлиқ ариза, васиятнома намуналари ҳамда (қонун ва васиятнома бўйича) меросни расмийлаштиришга доир нотариал ҳужжатлар, шунингдек мерос мулки билан боғлиқ низо келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан 7 тавсия ўрин олган.
4. «Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида»
РАҚАМ. Фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2019 йилда жами 188 282 та кўрилган ишларнинг 4 233 тасини меҳнат низоларига оид. Шундан 1 964 таси ишга тиклаш, 1 279 таси иш ҳақини ундириш, 196 таси ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш ва 700 таси бошқа меҳнат низолари билан боғлиқ ишларни ташкил этади.
Йил мобайнида 775 нафар ходимнинг суд қарори асосида ишга тикланганлиги, 873 нафарига иш ҳақи ундириб берилгани ҳануз иш берувчилар томонидан ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигини ва бунга асосан иш берувчи ҳамда ходимларнинг амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларидан яхши хабардор эмаслигини кўрсатади.
Меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида иш берувчи (корхона, ташкилот ва муассаса) ва ходим (фуқаро) лар учун «Меҳнат ҳуқуқи қонун ҳимоясида» номли қўлланма тайёрланди.
Қўлланмадан меҳнат ҳуқуқи, ходим ва иш берувчи муносабатларининг ҳуқуқий тартиби, ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, низолар бўйича мурожаат қилиш тартиби ва муддатлари, меҳнат ҳуқуқини расмийлаштириш билан боғлиқ ҳужжатлар намунаси жой олган.
5. «Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши тартиби»
ҲОЛАТ. Бугун ерга оид низолар мамлакатнинг қайси минатақаси йўқ?! Бирор кун йўқки, ижтимоий тармоқларда «снос», «буз-буз»ларга оид муаммо кўтарилмаса?!
РАҚАМ. Ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини давлат эгалигига (ёки фермер хўжалигига) қайтариш, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун (ер майдонларини) олиб қўйилиши билан боғлиқ низолар 2019 йилдагига нисбатан кескин ошган. 2020 йилнинг 5 ойида шу мазмундаги 10.638 та иш кўрилган бўлса, шундан 8.697 та даъво қаноатлантирилиб, 1130 гектардан зиёд ер майдонларини давлат эгалигига қайтариш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерларни олиш ҳақида 4872 та иш кўрилиб, шундан 2742 та даъво қаноатлантирилган.
Низоларнинг келиб чиқишига наинки фуқаролар, ҳатто мутасадди идора вакилларининг амалдаги қонун ва меъёрий ҳужжатлар талаби ва тартибини билмаслиги ёки қўпол равишда бузиши ҳам сабаб бўлаётир.
Таҳлиллардан келиб чиқиб, ушбу масала Олий суд Раёсати муҳокамасига олиб чиқиш кўриб чиқлмоқда. Шунингдек, мавжуд камчиликларнинг олдини олиш, бу борада фуқаролар ҳамда мутасадди идоралар вакилларининг ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида «Ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши тартиби» номли қўлланма тайёрланди. Унда ерга нисбатан ҳуқуқнинг вужудга келиши асослари, шунингдек, мазкур ҳуқуқнинг бекор бўлиши асослари ва тартиби, ўзбошимчалик билан ерни эгаллаш оқибатлари ёритилган.
***
ҲУҚУҚИЙ қўлланма деганда, одатда маълум бир соҳа ходимлари, масалан судьялар, прокуратура ёки тергов ходимлари учун иш фаолиятида фойдалашадиган тўплам тушунилади. Чунки, оммабоп ҳуқуқий қўлланмалар кам, жуда кам... Юқоридаги бешта қўлланма муайян соҳа ходимлари учун эмас, айнан омма манфаатидан келиб чиқиб тайёрлангани билан аҳамиятли. Оммабоп ва ҳаммабоп ушбу қўлланмалар адади катта эмас, тўғри. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Бироқ муаммонинг осон ечими бор: қўлланмаларнинг электрон варианти билан Олий суднинг www.sud.uz сайти орқали бемалол танишиши, ҳатто кўчириб олиш ҳам мумкин. Зеро, Олий суд раҳбарияти (ҳазил аралаш) ваъдани қуюқ қилди: муаллифлик ҳуқуқига даъво қилинмайди.
Нимага даъво қилсин? Қўлланмалар сиз-у биз учун чиқарилган, сираси.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter