Огоҳ бўлинг: «OLX»да қуён сотаман»
Xabar.uz» таҳририятига юртдошларимиздан мурожаат келишда давом этмоқда. Ана шундай мурожаатлардан навбатдагиси интернет орқали фирибгарликка дучор бўлган ҳамюртимиздан бўлди.
«Ассалому алайкум «Xabar.uz» таҳририяти! «OLX.uz» сайти орқали андижонлик йигитлар фирибгарлик билан шуғулланяпти. Энг зўр флендр қуёнларнинг расмини қўйиб, одамларни алдашяпти.
Гап шундаки, ана шундай эълонларнинг бирига ишониб, кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилдим. Суҳбат давомида у мен харидор бўлган флендр қуёнлари учун пулнинг ярмини пластик карточкага ўтказиб бергач, такси орқали юборишини билдирди.
Келишув бўйича, айтилган 50 минг сўмни ўтказганимдан сўнг, у пулнинг қолганини ҳам юборишимни талаб қилди. Табиийки, бунга рад жавобини бердим ва шундан сўнг у қуённи жўнатмаслигини айтди. Олган пулини қайтаришини талаб қилдим, аммо бунга жавобан рақамимни «қора рўйхат»га киритиб қўйди. Кейин суриштириб билдимки, улар худди шу усулда бошқаларни ҳам алдаб юрган экан.
Ҳурматли таҳририят ижодкорлари! Ушбу мурожаатимни ўрганиб, имкони бўлса, «Xabar.uz»да эълон қилсангиз. Токи бошқа юртдошларимиз мен каби алданиб қолмасин».
Ушбу мурожаат асосида кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилдик. Ўзини «Жасурбек» деб танишган йигит айни пайтда Қирғизистоннинг Ўш вилоятида экани ва қуён сотиш билан шуғулланмаётганини билдирди. Қизиғи шундаки, у пул ўтказишни сўраган пластик карта ҳеч қандай «Бек» ёки «Жасурбек» эмас, умуман бошқа исмли фуқаро — А.И. номига очилган.
Албатта, бу каби фирибгарликларни фош этиш у қадар мушкул эмас (унинг банк пластик карта ва телефон рақамлари маълум). Аммо шу ўринда айрим юртдошларимизнинг соддадиллиги туфайли ана шундай ҳолатларга тушиб қолаётгани кишини ўйга толдиради. Шу ўринда азиз ўқувчиларимиз ва барча юртдошларимиздан интернет орқали маҳсулот олди-берди қилаётганда огоҳ ва сергак бўлишини сўраб қоламиз.
Таҳририятдан: юқоридаги мақола эълон қилингач, «OLX» вакиллари биз билан боғланди ҳамда мазкур эълон ўчирилганини маълум қилишди. Шу ўринда бу каби ҳолатларда сайт маъмурияти билан боғланиш кераклиги эслатиб ўтмоқчимиз. Телефон: +998711508884
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter