Ўғил фарзанд истаги нимага олиб келиши маълум қилинди
Ўзбекистонда аёллар биринчи фарзандини асосан 20-24 ёш оралиғида дунёга келтиришни маъқул кўришади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Оила ва хотин-қизлар илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдурамов маълум қилди.
Анжуманда айтилишича, 8 августдан 15 сентябрга қадар Ўзбекистонда аёлларнинг репродуктив хулқ-атвори ва унга таъсир кўрсатувчи омиллар юзасидан тадқиқот ўтказилган.
Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда аёллар биринчи фарзандини асосан 20-24 ёш оралиғида дунёга келтиришни маъқул кўришади. 27,1 фоизи бу ҳақда ўйлаб кўрмаганликларини, 13,2 фоизи эса буни тақдир билан боғлашларини билдиришган.
Таҳлиллар сўнгги фарзандни дунёга келтиришнинг энг мақбул ёш оралиғи 30-35 ёш эканлигини кўрсатган. Деярли 10 фоиз хотин-қизлар сўнгги фарзандни 36-40 ёш оралиғида кўришни истайди. 30 фоизи бу тўғрисида ҳали ўйлаб кўрмаганликлари, 19 фоизи бу ҳолат уларнинг истакларига боғлиқ эмаслигини қайд этган.
Аёллардан кўп фарзандли бўлишнинг асосий сабаби сўралганида, уларнинг ота-оналарга кексаликда таянч бўлиши асосий омил сифатида аксарият аёллар томонидан айтиб ўтилган. Айрим ҳолларда оилада ўғил фарзанд кўриш истаги фарзандлар сонининг кўп бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар ўнинчи (10,6 %) респондент «диний эътиқод»ни кўп фарзандли бўлишнинг асосий омили сифатида кўрсатган.
Аёлларнинг ўз репродуктив хулқ-атворини ўзи белгилаши, оилада нечта фарзанд кўришни режалаштириши уларнинг маълумот даражасига ҳам боғлиқ. Тадқиқот фарзандлар сони ўзининг қарорига боғлиқ эмаслиги ҳолати ўрта маълумотли аёлларда юқори, олий маълумотлиларда эса бир мунча паст (26,5 фоиз) эканлигини кўрсатган.
Олинган натижаларга кўра, ҳар еттинчи хотин-қизлар (15,3 %) 2 нафар фарзанд битта оила учун етарли деган фикрни билдирди. Бундай жавоб кўпроқ олий маълумотли аёлларда қайд этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter