Очилбой Раматов: «Ривожланиш учун ажратилган пулни тийин тийинигача мақсадли сарфлашимиз керак»
Нурафшон шаҳрида вилоят фаоллари, масалага тааллуқли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур йиғилиш давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи мобайнида берилган топшириқларнинг ижроси муҳокама қилинган, жараённинг бориши бўйича масъулларнинг ҳисоботи тингланган.
«Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ажратилган бир триллион юз миллиард сўмни тийин тийинигача мақсадли сарфлашимиз керак.
Ёғочнинг бўшини қурт ейди. Бўш бўлманглар. Айниқса, давлатнинг ерини, биносини қачондир қоп-қоп ваъда бериб кимдир олган бўлса, ҳозирги вақтда ишлатмасдан келаётган бўлса, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш керак. Керак бўлса, қўлидан иш келадиган инвесторлар топамиз. Давлатимизнинг ривожланишига ҳалал беришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!
Тошкент шаҳрини сув билан таъминлайдиган вилоятнинг ўзида ичимлик суви муаммо бўлса, буни қандай тушуниш мумкин?
Шунинг учун, давлат раҳбари томонидан вилоятга ажратилган маблағ, энг аввало, ичимлик суви муаммосини ҳал қилишга йўналтирилади.
Шунингдек, йўлсозлик, соғлиқни сақлаш, халқ таълими каби соҳалар ҳам республика бюджетидан ажратилган маблағни йўналтиришда устиворлик касб этади.
Бу ишларни бекаму кўст амалга ошириш учун вилоят раҳбарлари атрофига халқ, вилоят фаоллари бирлашиши керак», деди Бош вазир ўринбосари ўз сўзида.
Шунингдек, маблағларни сарфланиши, амалга оширилаётган ишлар ҳақида халқни хабардор қилиб бориш, жараённинг устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида, ОАВ билан фаол ҳамкорлик қилиш тавсия этилди, дейилади матбуот хизмати хабари якунида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter