Нуримон Абдулҳасан: «Палапартиш ҳақиқат устидан тизимли ёлғон ғалаба қозонади»
![Нуримон Абдулҳасан: «Палапартиш ҳақиқат устидан тизимли ёлғон ғалаба қозонади»](https://static.xabaruz.com/crop/5/8/720_460_95_587793892.jpg)
Бугун, 29 май куни Тошкентдаги «Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «Глобал тармоқларда диний-маърифий мавзуларни ёритишга қаратилган таҳлилий қарашлар» мавзусида семинар ташкил этилди. Семинарда «Xabar.uz» мухбири ҳам иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абдулҳасан, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти З.Содиқов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими С.Шерхонов иштирок этди ва маъруза қилди.
Жумладан, қўмита раисининг ўринбосари Нуримон Абдулҳасан халқаро ўргимчак тўрида радикаллашув жараёни кетаётгани, бунинг ортидан туғилаётган таҳдидлар ҳақида сўзларкан, шундай фикрларни билдирди:
— Палапартиш ҳақиқат устидан тизимли ёлғон ғалаба қозонади деган ибратли нақл бор. Бугунги кунда интернет оламига ўзини ураётганларнинг мутлақ кўпчилиги умуман диний тушунчаси бўлмай туриб бу соҳага аралашаётганлари жуда ачинарли ҳолдир. Яқинда «Ҳизбут-таҳрир» оқимига қўшилиб қолган ёшгина бир йигит афв қилинди. Қаранг, 10 йил ўтирибди. Шунда ҳам фикридан қайтмоқчи эмас. Ундан «Калимаи тоййиба»ни айтиб беришини сўрадим. Айтолмайди! Яна шу ҳолида диний қарашларни даъво қилади. Эътибор қилайлик, жамиятимизда маънавий жиноятлар кўпайиб бормоқда. Бу жараёнга бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Яна бир тоифа борки, ўзларича кўпчилик эътиборига ҳадисларни ҳавола этади ва ўз билганича талқин қилади. Ахир ҳадисларни тушунтириб бериш учун жуда катта билим керак, битта ҳадис 30 хилгача талқин қилиниши мумкин.
Бизда эса кўпчилик алломамиз бўлган муфтий ҳазратни яхши танимай, асарларини ўқимай, ислом институти билан ислом университетининг фарқига бормай (яхшики ҳозир ислом академиясига айлантирилди) динга ўз қарашларини сингдиришга уринадилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter