Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нукусда нима бўлган эди? ХҚҚ расмий ахборот берди

Нукусда нима бўлган эди? ХҚҚ расмий ахборот берди

Фото: «Xabar.uz»

Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида Иван Савицкий номидаги музей рўпарасида 1 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Тилеўбийке Ульдашева ҳамда Перизат Бегжанова ижтимоий-сиёсий вазиятдан норози бўлиб келишилмаган намойишга чиққани хабар қилинган эди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова Фейсбук ижтимоий тармоғида 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида юз берган воқеа ҳақида эълон қилинган хабардаги маълумотлар ҳақиқатга нечоғли мос келиши ва бу аёлларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш, муаммоларига ҳудуддаги раҳбарлар билан биргаликда ечим излаш мақсадида 7 август куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қайтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати хабар бериб ўтди.

Воқеани ўрганиш жараёнида шикоятчи Тилеўбийке Ульдашева ижтимоий-маиший муаммолари анчадан буён ҳал этилмаётганини айтиб, ёрдам сўради. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси иштирокида ҳудуд раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатда унинг уй-жой масаласидаги шикояти юзасидан Нукус шаҳар ҳокими П. Турешевга аризачига жойлаштирилган уйида яшаши учун ордер бериш вазифаси топширилди. Т. Ульдашевани иш билан таъминлаш ва фарзандини мусиқа мактабига жойлаш масалалари бўйича эса Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Д. Ходжиевга уни тиббиёт бирлашмасига фаррош сифатида ишга қабул қилиш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши раиси в.в.б П. Қазакбаевга унинг фарзандини мусиқа мактабига жойлаштириш топшириғи берилди.

Аризачининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи экани ва шу мақсадда бўш бино билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатишлари тўғрисидаги илтимосига ечим топиш вазифаси Нукус шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Абибуллаевага топширилди.

Фуқаролар Перизат Бегжанова ҳамда Гулпаршин Қошанова ўз муаммолари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳудудга келгунига қадар масъуллар томонидан ҳал этилганини билдириб, тегишли мутасаддиларга миннатдорлик изҳор қилдилар.

Шу куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова яна йигирма нафарга яқин аёлларнинг дардлари, арзлари ва шикоятларини эшитиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, кўмак бериш бўйича ҳамкорликда амалий ишларни олиб борди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мазкур топшириқларнинг ижросини кузатиб боради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг