Ўзбекистонда номаълум вирус тарқалдими? ССВ буни рад этмоқда
Бугун ижтимоий тармоқларда пойтахтимизда болалар ўртасида юқори нафас йўллари яллиғланиши билан боғлиқ номаълум юқумли касаллик тарқалаётгани, мактаб ва боғчаларни карантинга ёпиш лозимлиги тўғрисида видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.
Аслида ҳар йили куз ва қиш фасли грипп ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари авж оладиган палла ҳисобланади. Шу боис, бу йил ҳам айни шу мавсумда юртимизда нафақат болалар, балки катталар ўртасида ҳам йилнинг бошқа даврларига нисбатан грипп ва ЎРВИ хасталиклари нисбатан кўпроқ кузатилади.
Айни кунларда шифохоналарга ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари белгилари билан ётқизилаётган бемор болаларнинг аксариятида тана ҳарорати кўтарилиши, бурун оқиши, аксириш каби мавсумий ЎРВИга хос белгилар кузатилаётган бўлиб, ушбу беморларга нисбатан вирусга қарши ва антибактериал даво муолажалари олиб борилгандан сўнг, деярли барчаси 3-4 кундан кейин касалликдан соғайиши кузатилмоқда.
Қолаверса, бугунги кунда пойтахт шифохоналарига ўткир респиратор вирусли инфекция касалликлари билан ётқизилаётган барча болалардан коронавирус инфекциясига ПЗР тест таҳлиллари олиниб, касалликка қарши текширилмоқда, бироқ уларнинг деярли барчасида касаллик аниқланаётгани йўқ. Ваҳоланки, сўнгги ҳафталарда юртимизда коронавирус касаллигининг умумий статистикасида ҳам пасайиш кузатилмоқда. Бундан кўриш мумкинки, ушбу касаллик COVID-19 инфекцияси билан боғлиқ эмас.
— Шуни айтиш лозимки, соҳа мутахассислари томонидан доимгидек бу йил ҳам тана ҳарорати кўтарилиши билан шифохонага мурожаат қилаётган болалар текширувдан ўтказилганда уларда ҳеч қандай номаълум вирус аниқланмагани, касалликни оддий ўткир респиратор вирусли инфекциялар қўзғатаётгани маълум бўлмоқда, — дейди Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йил сентябрь ойи бошидан буён юртимизда мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар тарқалишини тўлиқ назоратга олган ва касаликка чалинган барча болалар тўлиқ шифокорлар назоратида.
Шундай экан, мамлакатимиздаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларини карантинга ёпишга ҳеч қандай асос йўқ», дейилади ССВ хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter