Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ниғматилла Йўлдошев Қорақалпоғистонга янги прокурор тайинланиши биланоқ пойтахтга қайтмади

Ниғматилла Йўлдошев Қорақалпоғистонга янги прокурор тайинланиши биланоқ пойтахтга қайтмади

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Қорақалпоғистонга янги прокурор тайинлангани хабари берилганди. Қонунга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади (Ўзбекистоннинг бошқа субъектлари прокурорлари тўғридан тўғри Бош прокурор буйруғи билан лавозимга тайинланади ва озод этилади).

Демак, маҳкама раҳбари мазкур тайинлов жараёнида бевосита қатнашиши маълум. Шундай бўлди ҳам, бироқ Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тайинловдан сўнг дарҳол пойтахтга шошилмади. Балки, республиканинг чекка ҳудуди ҳисболанмиш Мўйноққа бориб, ислоҳотлар қандай кечаётгани билан танишди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Бош прокуратура ташаббуси билан Мўйноқда барча қулайликларга эга автошоҳбекат барпо этилганди.  Маҳкама раҳбари ўзининг ҳам меҳнати сингган мазкур жойда бўлди, шунингдек, бир вақтнинг ўзида 20 нафар ўқувчига хизмат кўрсатиш имконига эга «Future Muynak» ахборот-коммуникация технологияларини ўргатиш маркази, 40 нафар китобхонларга хизмат кўрсатаоладиган «Book cafe» фаолиятини ҳам ўрганди. Танишув жараёнида асосий эътибор мазкур объектлар фаолияти билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилди.

Дарвоқе, Н.Йўлдошев Мўйноққа қуруқ билан бормаган экан: «Book cafe» фаолияти билан танишгач, унинг фондига 1100 дона турли мавзуларга оид китобларни совға қилди.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали ўқитувчилари билан бўлиб ўтган учрашувда ёшлар таълим-тарбияси, ахборот технологияларини жамият ҳаётига кенг татбиқ этиш билан боғлиқ масалаларда фикр алмашиш билинагина чекланилмади. Ўқитувчилар университетнинг Нукус филиалида Мўйноқ ёшлари учун 20 та квота ажратиш ва уларни имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш таклифини илгари сурдилар.

Таклифлар мутасаддиларга етказилди ва ижроси назоратга олинди.

Ҳудудида барпо этилган 75-ўринли болалар боғчаси, унда яратилган шароитлар алоҳида эътирофга лойиқ. Мазкур мактабгача таълим муассасаси пойтахтдаги анча-мунча боғчалар билан бемалол беллашгудек. Бироқ у ерга олиб борувчи йўл умумий манзарага соя солаётгани эътиборидан Бош қонун посбони (йўл ва унинг) атрофларини ободонлаштириш масаласини кўтарди ва шу жойнинг ўзида керакли чора-тадбирлар белгиланди. Ва шу куннинг ўзидаёқ ишлар бошлаб юборилди.

Ҳудудда қад ростлаётган маший хизмат кўрсатиш мажмуаси, замонавий инновацион телемедицина маркази, Шоирлар хиёбони, Ҳаким ота Сулаймон Бақирғоний мажмуаси, гилам ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас экан. Юзага келган айрим муаммоли масалалар жойида бартараф этилди.

Хусусан, Ҳаким ота Сулаймон Бақирғоний мажмуаси  лойиҳасига киритилган ўзгартиришлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Мерос Чашмаси» ДУК томонидан тасдиқланмаётганлиги оқибатида молиялаштириш кечикаётгани қурилиш ишларига тушов бўлаётгани айтилди. Мазкур мурожаат зудлик билан тегишли вазирликлар билан кўриб чиқилиши ташкил этилди. Муаммога ечим кўпга чўзилмади.

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Мазкур мажмуа зиёрати жараёнида улуғ аждодимиз руҳига Қуръон тиловат қилиб, юзларга фотиҳа тортилгач, Бош прокурорнинг икки кунлик сафари қариб, пойтахтга йўл олди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг