Нега африкалик болаларнинг қорни катта?
Ҳар сафар Африка аҳолиси ҳақида илмий-ҳужжатли фильмларни томоша қилганда бир жиҳат эътиборимизни тортади: болалари озғин, лекин қорни катта. «Рамблер» бундай патология сабабини аниқлашга ҳаракат қилди.
Юз ўгирилганлар
Африка ҳудудида истиқомат қилувчи болалар дучор бўладиган касаллик квашиоркор деб аталади. У таржимада «юз ўгирилган» деган маънони англатади. Квашиоркор дистрофия тури бўлиб, у бола танасида оқсил етишмаслиги туфайли ривожланади. Бу хасталикка фақат 1 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар дучор бўлади. Агар гўдак бу ёшда мазкур патологияга дуч келса, келгусида ошқозон-ичак йўли тизими билан боғлиқ муаммолар ривожланиши мумкин. Мазкур ҳолатнинг сабаби шундаки, африкалик қабилалар таомномаси оқсил эмас, асосан клетчатка ва углеводлардан иборат. Уларнинг кўпчилиги «балансланган овқатланиш» тушунчаси билан таниш эмас. Баъзилари ҳатто таомномани оқилона тузиб чиқиш тўғрисида ўйлаб ҳам кўришмаган. Озиқ-овқат етишмаслиги мазкур вазиятни баттар чуқурлаштиради. Африка халқларида гўдакни эрта ёшда она сутидан айириш одати бор. Шу боис улар жуда тез углеводли озиқланишга ўтишади, картошка ва турли илдизларни истеъмол қилишади.
Нега айнан оқсил?
Гап шундаки, оқсил танада суюқликнинг тўғри тақсимланишига ёрдам беради, уни ичаклардан лимфага, кейин эса қонга йўналтиради. Агар бизга оқсил етишмаса, танада суюқлик туриб қолади ва нотекис тақсимланади. Бунинг оқибатида қорин ва оёқ-қўллар шишади. Шунингдек, оқсил тўқималарда осмотик босимни таъминлайди ва уларнинг сув билан тўлишини назорат қилади. Суюқлик тўпланиши анорексия, тери яраси ва жигар шишига олиб келади. Шифокорларнинг таъкидлашича, мазкур касалликни даволаш учун шунчаки таомномага оқсилли маҳсулотларни киритиш кифоя. Хавфли гуруҳга тушиб қолмайин десангиз, меъёрий озиқ-овқат 10 фоиз ёғ ва камида 12 фоиз оқсилдан иборат бўлиши лозим.
Узоқ вақт етарлича оқсил истеъмол қилмаслик жисмоний ва ақлий ривожланишдан орқада қолишга сабаб бўлиши мумкин.
Овқат етишмаслиги
Замонавий Африка жамияти сифатли озуқа қидириш билан боғлиқ жиддий муаммоларга рўпаро келишда давом этмоқда. Боз устига, уни топишдан ташқари, бутун қабилага етишини ҳам ўйлаш лозим. Ўзига хос иқлим шарт-шароити туфайли ҳамма африкаликлар ҳам кунда сархил мева-сабзавотлар ва оқсилли таомлар тановул қилиш имкониятига эга эмас. Африка ва Осиёда фақат она сути билан боқиш даражаси Шимолий Америкага қараганда 1,5 баравар кўп: айтиги 26 фоиз болалар олти ойликкача фақат она сути билан озиқланишади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter