Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Наврўз учун Беларусдан келдим...» — меҳмонга бой байрамдан фоторепортаж

«Наврўз учун Беларусдан келдим...» — меҳмонга бой байрамдан фоторепортаж

Пойтахтимизнинг Наврўз миллий боғи ўзига хос. Айниқса Миллий байрамларимизнинг ушбу боғда ўтказилиши боғни янада жозибали кўрсатади. Кун салқин, аммо одамларда баҳорий кайфият. Боғда миллий рақслар, миллий кураш, миллий қўшиқлар, миллий таомлар... Аммо байрам барчаники. Айниқса ўзга миллат вакиллари учун ўзгача ҳайратланарли.

Катя, Беларус: Мен илк марта ушбу байрамда иштирок этишим, байрам доирасида миллий кўразмаларнинг ташкил қилингани айни муддао. Миллий матолардан тикилган либослар жуда қизиқарли, онам ва ўзим учун кийим танлаяпман. Бу этнографик шаҳарчада пахса деворли ҳовлилар, чойхона, ҳунармандчилик устахонлари, айвонлар тимсолида гўёки қадимий Ўзбекистон кўчаларини кўргандек бўлдим. Биз хорижликлар учун диққатга сазовор масканга айланган.

— Исмим Ирина, Тошкентда яшайман. Ҳар йили байрамларда қатнашаман. Чиройли, қизиқарли, ортиқча шовқин-сурондан ҳоли, ўзига хос байрам. Жуда чиройли ташкиллаштирилган. Аммо тантаналар камчиликлари билан қизиқ. Уч кундан бери эълон қилади, бепул ош ва бепул сумалак, яна сомса, афсуски ушбу миллий таомларингизга талаб катта бўлгани учун етказиб беришолмаяпти, ҳатто сотиб олиш учун анча оворагарчилик. Тандирнинг бошидан сомса сотиб оласиз, лекин касса бошқа томонда. Сумалакка илинолмадик. Аммо барибир кайфиятимиз яхши.

— Ригадан келдим, — дейди сумалак қўзғаётган аёллардан бири. — Мени ҳайратлантиргани имконияти чекланганларнинг ўз меҳнатлари билан яратилган ижод намуналарини кўргазмаларга олиб чиққани. Миллий кийимлар, миллий қўғирчоқлар, келажакда булар билан ҳамкорлик  қилишни ўз олдимизга мақсад қилдик. Мотивация олдик, турли қўл меҳнати намуналари ўзига хослиги билан ажраб туради. Умуман олганда бу боғ хорижликлар айланиб ҳордиқ чиқариши учун айни муддао, чунки бу худди Бухоро, Хоразм шаҳарларининг бир бўлакчасидек.

— Биз учун бу байрам янги дўстлар орттириш, ўзимизнинг нимага қодирлигимизни бошқаларга кўрсатиш учун имконият ҳам — дейди, ногиронлиги бўлган ҳунармандлар, иштирокида ташкил этилган хайрия кўргазма ярмаркаси ташкилотчиларидан бири Гулноза Саидова. — Кўргазмада Сергели ва Янгиҳаёт туманлараро ногиронлар жамияти аъзоларидан 6 нафари ўз қўллари билан яратган ижодий ишлари билан қатнашмоқда. Биласизми, Минскдан ташриф буюрган Наташахоним ва Маринахонимга Ўзбекистонда сизларга айнан нима ёқди деган саволимга тинчлик ва одамларнинг меҳмондўстлиги, деб жавоб беришди. Улар апрель ойида алоҳида келишмоқчи.

— Бойжонова Раҳбаройман, Қозоғистонда ҳам Наврўз шундай чиройли ўтади. Ота онам шу ерда туғилган 84 ёшдаман. Ёнимдаги эварам. Наврўз менга ота-онамни, болалигимни эслатади. Кун совуқ бўлишига қарамай байрамга чиққим келди. Боғнинг ўзига хос пахса деворлари менга Тошкентнинг эски маҳаллаларини эслатди. Дўппилар, кўзмунчоқли қўғирчоқлар, адрасу атлас кийган қизалоқлар ҳаммаси жуда ёқимли, энди бироздан сўнг дор ўйинлари бошланар экан ўшани кутиб ўтирибмиз...

Боғ ёнидаги аттракцион болаларнинг қий-чуви билан тўлган, сал нарироқда тандирда сомса, ўчоқда ош. Карнай-сурнай садолари эса янги йилимиз Наврўзнинг бошланиши овоза қилаётгандек. Бугун бошланган байрам яна 4 кун давом этади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг