Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наврўз боғидаги устахоналарнинг ижара ҳақи 2.500.000 сўмдан  15.800.000 сўмга кўтарилди, таниқли ҳунарманд Президентга мурожаат билан чиқди

Наврўз боғидаги устахоналарнинг ижара ҳақи 2.500.000 сўмдан  15.800.000 сўмга кўтарилди, таниқли ҳунарманд Президентга мурожаат билан чиқди

«SUZANE SULTAN» МЧЖ директори Моҳира Султонова Наврўз ҳунармандлар шаҳарчасида, яъни Тошкент 24-ҳовли устахонасида беш йилдан бери каштачилик мактаби ва «Ўзбекистон социал туризми ассоциацияси» ННТида фаолият юритади. Куни кеча тадбиркор ижара нархлари кескин оширилгани сабаб Президентга мурожаат билан чиқди:

«Боғ очилишида шахсан ўзингиз устахона-музейимизга ташриф буюргандингиз. Бу ердаги устахоналар ва дўконлар муайян иш жойлари бўлмаган, устахона ва дўкон очиш орзусида йиллаб қийналиб юрган ҳунарманд усталар учун энг қадрли совғангиз бўлди ўшанда, – дейди ўз мурожаатида Моҳира Султонова. – Беш йил давомида биз катта ёки кичик муаммоларимизни ўзимиз ечиб келаётган эдик. Карантин вақтида ва ундан кейин бизга ижара бўйича имтиёзлар берилди, бу учун Сиздан ва боғ админстрациясидан миннатдормиз. Аммо жорий, 2023 йилдан бошлаб, боғнинг директори ўзгарди ва ижараларимиз кескин оширилди. Яъни мен шу кунгача 2.500.000 минг тўлаётган ҳовли устахонам учун бу йилдан 15.800.000 минг сўм қилиб белгиланди.

Ўзи шундоғам олдинги ижарани бир нечта ҳунармандлар билан бўлишиб тўлаётгандик, нарх ошгач шерикларим чиқиб кетишди ва менга фақат биринчи қаватнинг ўзига 7.600.000 минг нарх беришди. Мен буни умуман тўлай олмаслигимни тушунтирсам боғда тадбирлар қиламиз, одам кўп келади, савдо бўлади, деб ишонтиришди ва шартномага қўл қўйдим. Аммо ўтган ойда фақат Наврўз байрами кунлари томошабинлар кўп бўлишди, савдо ҳам бўлди, аммо амаллаб 5 млн. сўм ижара ҳақини зиёнимдан тўладим. Бу йилги ижара шартномасига 2 март куни қўл қўйганимга қарамасдан, мендан ижара ҳақини, январь, февраль, март ойлари қарзлари билан тўлашимни ёки устахонани бўшатишимни талаб қилишди. Ваҳоланки, январь ва февраль учун мен эски нархда ижара ҳақини тўлаб бўлган эдим».

Шундан сўнг Моҳира Султонова бу ой эса табиийки, ижарани тўлолмаслигини, ҳовлини бўшатишга мажбурлигини директорга оғзаки равишда билдиради ва ўша заҳотиёқ огоҳлантиришларсиз ҳовлини электр тармоқдан узиб ташлашади. Боғда худди шундай ҳовлидай устахоналар 40 дан ортиқ. Аммо ярмидан кўпи бўшаб, қаровсизликдан, чакка ўтиб моғорлаган, поллари, пойдеворлари чўкиб, деворлари ёрилган, яъни авария ҳолатида. Чунки ижара ҳақи ҳали қимматлашмаган вақтдаёқ кўп усталар ижарани тўлолмай чиқиб кетишади. Энди нархлар ошгач, қолган усталар ҳам боғдан кетишмоқда экан.

«Менинг саволим шундаки, шахсан Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан айнан биз ҳунармандларга қуриб берилган бу шаҳарчани нима сабабдан бу ҳолатга келтиришмоқда? Ахир боғ мана шу ҳунармандларга ижарадан имтиёз бериши учун давлатимиз ҳам боғни ер ва мулк солиғидан имтиёзли озод қилганини биламиз-ку? Нима учун улар Президент биз сабабли уларга берган имтиёздан кўз юмишаяпти? Нима учун ижара нархини бирданига 70-80 фоизга ошириб юборишди? Бунга уларнинг ҳаққи борми? Президент ҳунарманд усталарни қўллаб-қувватлашни тарғиб қилиб турганларида, давлат томонидан шунча имтиёзлар бериб қўйганларига қарамасдан, бу ердагилар бизни худди ўзларининг шахсий ҳисобидан қурилган боғдан ҳайдагудек муомала қилишяпти?! Бизга ёрдам бериш учун бу муаммога ечим таклиф қилган бир нечта давлат ташкилотлари ҳам рад жавоби олишди», – дея таъкидлайди ҳунарманд.

«Биз каби миллийликни тарғиб қилувчи, Президент ҳимоясидаги тадбиркор-ҳунармандларга бундай муносабат қилишга уларнинг қонуний ҳуқуқлари борми?  Давлатимиздаги қонунчилигимиз тақдири ҳал бўлаётган шундай тарихий кунларда Давлат раҳбарининг халқчил сиёсатига нисбатан бунчалик кескин менсимаслик, ҳурматсизлик муносабатини тушунолмадик. Шавкат Миромонович, биз Наврўз боғида фаолият олиб бораётган ҳунармандлар Сиздан бизнинг шу муаммоимизга муносабат билдириб, муносиб ечим топишда ёрдам беришингизни илтимос қиламиз»,– дейди Моҳира Султонова мурожаат якунида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг