«Мухбир ака, мақолани ёзмай туринг...»
Боғот туманидаги Найман қишлоғининг «Нурли ҳаёт» маҳалласи аҳолиси шикоят қилганича бор экан. Маҳалладаги мактабгача таълим муассасаси биносини кўриб, танг қоласан, киши: қайси асрда яшаяпмиз?! Ушбу бино: «Болам, қаригач аҳволинг шуда энди, ҳеч кимга керагинг бўлмай қолар экан», деб турган қариядек гўё.
Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ушбу бино ўтган асрнинг 56-57-йилларида курилган экан. Бир пайтлари мактаб бўлган, кейинчалик мактабгача таълим муассасасига айлантирилган. «Ғунча» деб номланувчи мазкур муассасада ўз вақтида 90-100 нафар бола тарбиялаган ва 2011 йилга келиб... ўз фаолиятини тугатган.
Орадан, мана, саккиз қовун пишиғи ўтди. Бу орада тизим ўзгарди, секторлар ташкил этилди. Аммо мактабгача таълим муассасасини бошқатдан ана қурамиз, мана қурамиздан нарига ўтишолмади. Аҳоли ҳам тинч ўтирмади. Нураб-тўкилиб бораётган боғча биносига ичлари ачишди. Ёз-ёз қилишди. Телевидение орқали бутун республикага намойиш этилди ҳатто. Бироқ фойдаси тегмади.
Ўзини қоровулман деб таништирган Шавкат Сўпиевнинг гапларига қулоқ тутайлик: «Яқинда ҳокимиятдан келиб кетишди, боғчани тез кунларда қуриб, фойдаланишга топширамиз, дейишяпти».
— Бу жойда қўриқлайдиган ҳеч нимаси қолмабди-ку? — деймиз қоровулга.
— Агар қараб турмаганимизда бу бинонинг тўрт деворидан бошқа нарсаси қолмасди, ака.
Буям тўғри.
Муассаса ҳовлисида болажонлар копток тепиб юришибди. Худо кўрсатмасин, зўрға турган бинонинг бирон бир пахсаси йиқилгудек бўлса борми?!
Қоровул болаларни ҳай-ҳайлаб қувди. Бола – болада, яна бир зум ўтиб шу ерда пайдо бўлиб қолади.
Бизнинг вайрона бинони суратга олиб юрганимизни кўрганлар дарҳол «Нурли ҳаёт» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Матёқубов ва мактабгача таълим муассасасининг мудираси Фароғат Эгамоваларга сим қоқишган чоғи, улар бир зумда етиб келишди.
— Бу жойни келиб кўрмаган қолмади, ҳисоб. Сектор раҳбарлари ҳам, туман ҳокими ҳам. Уларнинг гапи бўйича, бу бино ўрнида янги боғча қуриб, қисқа муддат ичида ишга туширамиз дейишмоқда, — дейди маҳалла оқсоқоли Тоҳир Матёқубов. — Яқинда Урганчдан усталар ҳам келиб кетишди.
— Нега шунча йилдан бери бино шу аҳволда? — деган саволимиз эса жавобсиз қолди.
— Янги мактабгача таълим муассасаси қурилиб, ишга тушунча ўз уйимда боғча очдим, — дейди ўзини шу даргоҳ мудирасиман деб таништирган аёл Фароғат Эгамова. — Ҳарна, одамларга ёрдам. Агар шу боғча янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилса, яна 100 нафарга яқин болажонларни ўз бағрига олади ва йигирмага яқин иш ўрни очилади.
Ҳозирда маҳаллада боғча ёшидаги 300 нафар бола бор. Шунинг 100 нафарга яқини қўшни маҳаллалардаги ёки хусусий боғчаларга қатнайди десак, қолган 200 нафари нима қилади?
— Бизнинг ҳам невараларимиз боғчага борса деб орзу қиламиз, — дейди шу маҳаллалик онахон Муяссар Нурметова. — Ахир боғча кўрган бола барибир бошқача бўлади.
— Мухбир ака, сиз мақолангизни ёзмай туринг. Бир ҳафта кутинг, агар шу ҳафтада ҳам мутасаддилар ўз сўзи устидан чиқмаса, кейин бемалол мақолангизни чиқараверасиз, — деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳиржон Матёқубов.
«Хўп», дедик.
Орадан бир ҳафта эмас, ўн кунлар ўтказиб, Тоҳир ака билан телефон орқали боғландик. Олти ой ўтиб, яна... Афсуски, ҳамон эски ҳаммом, эски тос...
Болтабой Матқурбонов,
Одил Неъмат
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter